1

Коронавирус ҳомиладорлар учун қанчалик хавфли?

САЛОМАТЛИК 08.06.2020, 09:00
Коронавирус ҳомиладорлар учун қанчалик хавфли?

COVID-19 билан касалланиш хавф гуруҳлари орасида ҳомиладор аёллар алоҳида ўрин эгаллайди. Маълумки, ҳомиладорлик бу физиологик ҳолат бўлишига қарамай, бир қатор аъзо ва тизимларнинг, шу жумладан, иммун тизимнинг ўзгариши билан кечади. Шу сабабли ҳомиладорлик вақтида инфекцияларга нисбатан сезувчанлик сезиларли даражада ошади.
Хозирги кунда COVID-19 билан зарарланган ҳомиладор аёлларни кузатувлари етарли эмас, аммо Хитой, АҚШ ва Россияда ўтказилган баъзи кузатувлар айрим хулосаларни чиқаришга имкон беради.
Шундай қилиб, турли экстрагенитал касалликлари мавжуд ҳомиладорлар юқори хавф гуруҳига киради, айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида. Булар юрак-қон томир, нафас аъзолари касалликлари (зотилжам, бронхиал астма), диабет, артериал гипертония, сурункали яллиғланиш касалликларидир. Ушбу касалликлар билан бир қаторда ҳомиладорлик даврида иммун ҳолатнинг, гемозтаз (қон ивувчанлиги)нинг бузилиши, хавфли ўсмаларнинг мавжудлиги бутун организмнинг зўриқишини кучайтиради, айниқса, айланиб юрувчи қон ҳажмининг ошишига, нафас кўрсаткичларининг пасайишига ва турли асоратлар ривожланишига олиб келади.
Ҳомиладорлик даврида асоратларнинг ривожланиши хавф омили – оғирлашган акушерлик анамнезидир. Яъни аввалги ҳомиладорликда кузатилган преэклампция, артериал босимнинг ошиши, қон кетиши, қон ивишининг бузилиши, муддатдан олдинги туғруқлар, ҳомиладорликнинг тўхташи, турли жарроҳлик амалиётлари ҳам хавф омиллари ҳисобланади. Бундай ҳомиладорлар хавф гуруғига киради ва алоҳида эътиборни талаб қилади.
COVID-19 иккинчи ва учинчи триместрда хавфлироқ, бу организмнинг турли тизимларида юкламаларнинг ортиши билан изоҳланади.Оналар ва болалар ўлим даражасини кўпаймаслиги учун ҳомиладор аёл скрининг кўригидан ўтиши керак бўлган даврни эсдан чиқармаслик керак. Барча ҳомиладор аёллар коронавирусдан қатъий назар, ҳомиладорликни олиб бориш тўғрисидаги протоколда аниқ белгиланган муддатларда текширувдан ўтишлари керак. Ўз вақтида таҳлилларни топшириш, УТТ текширувидан ўтиш, шифокорлар билан маслаҳатлашиш лозим.Акушерлик скрининг текшируви муддатларини ўтказиб юбормаслик – бу акушерлик ва неонатал асоратларни камайтириш кафолатидир.
Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ чекловлар бўлиши табиий. Аммо дам олиш, жисмоний фаолият ва турмуш тарзини тўғри ташкил этиш (ижтимоий масофа, гигиена ва ҳимоя тартиблари) билан бу қийинчиликларни енгиш мумкин.
Ҳомила коронавирус инфекциясининг бевосита нишони эмас. Вирус ҳомилага тератоген таъсир кўрсатмайди. Плацентар тўсиқ ҳомила учун ишончли тўсиқ бўлгани боис ақалоқлар соғлом туғилади. Кўп нарса онанинг ҳолати ва коронавирус инфекциясининг оғирлик даражасига боғлиқ. Одатда туғруқ енгил ўтади, яъни болалар касаллик аломатларисиз туғилади. Энг муҳими – уларни ўз вақтида алоҳидалаш. Дунёда содир бўлаётган умумий ташвиш ва асабий ҳолатларни тушунган холда, таъкидлаш керакки, ҳомиладорликни кечишига хавф солувчи асосий омил бу – стресс (руҳий зўриқиш)дир. Асосланмаган янгиликларни ўқишдан бош тортиш, гигиеник тартибларга амал қилиш ва позитив бўлиш лозим. Йўлдош ва онанинг саломатлиги ҳомилани вирусдан ҳимоялайди.
Хитойлик шифокорлар ҳомиладорлик даврида COVID-19 билан касалланган оналарнинг чақалоқларида янги коронавирусни аниқлашмади. Ушбу касалларнинг маълумотлари “Frontiers in Pediatrics”журналида чоп этилган. Мақолада тўртта ҳолат қайд этилган бўлса хам, ҳомиладорлардан болаларига вирус ўтмаслиги эҳтимоли бор.
Болаларда коронавирусни аниқлаш учун намуналар туғилганидан уч кун ўтгач бурун ҳалқумдан олинган. Янги туғилган чақалоқларда иситма, йўтал, диарея кузатилмаган. Касалхонадан чиқиш вақтида на она, на болаларда (шу жумладан, SARS-CoV-2 борлигига текширилмаган болаларда) инфекция аломатлари бўлмаган. Ушбу маълумотларни умумийлаштирган холда муаллифлар COVID-19 касаллигининг онадан болага ўтиш эҳтимоли кам, балки умуман йўқдир деган хулосага келишган.
Янги SARS-CoV-2 нинг асосий маълум бўлган юқиш йўли бу — ҳаво-томчи орқалидир, ҳозирча респиратор белгилар бўлмаган одамнинг бошқаларга юқтириш эҳтимоли ҳали исботланмаган. Шунингдек, вирус онадан болага она қорнида ўтиши аниқ эмас.
Агар онада коронавирус аниқланган бўлса, кўкрак билан боқишни тўхтатиш керакми?
Агар онада COVID-19 га шубҳа туғилса ёки беморлар билан алоқада бўлган бўлса, эмизишни тўхтатмаслиги керак деб ҳисобланади. Аммо аёлда юқори иситма ёки вирусли инфекциянинг бошқа аломатлари бўлса ва шифокор кўкрак сути билан ўтадиган ва болага зарарли таъсир қиладиган дори воситаларини буюрган бўлса, кўкрак билан боқиш даволаш вақтида тўхтатилади. Ушбу даврда она сутини соғиш орқали лактацияни ушлаб туриш ва соғайгандан кейин кўкрак билан боқишни давом эттириш лозим.
Ҳомиладор аёллар ўзларини COVID-19 дан қандай ҳимоя қилишлари мумкин?
Ҳомиладор аёллар хам оддий одамлар каби зарарланишдан сақланишлари лозим. COVID-19 ни тарқалишини тирсагига йўталиб, касал одамлар билан алоқа қилишдан сақланиб, қўлларни тез-тез совун ва сув ёки спирт асосли қўл санитария воситалари билан ювиш орқали тўхтатиш мумкин.


Ҳомиладор аёлларни даволаш COVID-19 билан касалланиш даражасига, унинг клиник кўринишларига ва акушерлик ҳолатини тўғри баҳолашга асосланади.
Акушерлик тактикаси бир неча жиҳатларга боғлиқ: беморнинг аҳволи, ҳомиланинг ҳолати ва ҳомиладорлик муддати. Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтагача бўлган муддатда оғир ва ўрта оғир кечишида перинатал асоратларнинг хавфи юқорилигини ҳисобга олиб, инфекцион жараённи даволагандан сўнг ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия этилади. Агар бемор ҳомиладорликни тўхтатишдан бош тортса, ҳомилада хромасомал нуқсонларни аниқлаш учун хорион биопсияси зарур.


Касалликнинг авж олиш даврида ҳомиладорликни тўхтатиш ва туғруқни қабул қилиш оналар ўлими ва кўп сонли асоратларни: асосий касалликнинг оғирлашуви, нафас етишмовчилигининг ривожланиши ва жадаллашиши, акушерлик қон кетиши, ҳомиланинг интранатал ўлими, йирингли-септик асоратларнинг ошиши билан боғланади.
Аммо, ЎСВ фонида гипоксияни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ёки нафас етишмовчилигининг жадаллашувида, ўпканинг алвеоляр шишида, шунингдек, рефрактер септик шокда ҳаётий кўрсатмаларга кўра кесарча кесиш йўли билан шошилинч жарроҳлик амалиёти коагулопатик ва гипотоник акушерлик қон кетишини олдини олиш учун зарур чоралар билан бирга ўтказилади. Касаллик авжида ва зотилжамда туғруқ фаолияти бошланиб қолса, туғруқни она ва боланинг ҳолатини монитор кузатув остида табиий туғруқ йўллари орқали қабул қилган маъқул. Оғриқсизлантириш, детоксикацион, антибактериал ва вирусга қарши, респиратор терапияларни ўтказиш лозим. Иккинчи даврда нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ривожланишини олдини олиш учун кучанишларни чегаралаш керак. Туғруқни тез тугатиш зарур бўлса, вакуум-экстракция ёки акушерлик қисқичларини қўллаш мақсадга мувофиқ. Кесарча кесиш мутлақ акушерлик кўрсатмаларида, шунингдек, ўлаётган аёлда (ҳомила ҳаётини сақлаб қолиш учун) бажарилади.


Она ва боланинг ҳолати касаллик юзага келган ҳомиладорлик муддатига, преморбид фоннинг (чекиш, семириб кетиш, нафас тизими ва ЛОР-аъзоларининг фон касалликлари, қандли диабет, ОИВ инфекцияси) мавжудлигига, инфекцион жараённинг оғирлик даражасига, асоратлар борлигига ва вирусга қарши давонинг ўз вақтида бошланганлигига боғлиқ.
Шундай қилиб, рационал ёндашувлар ва тўғри танланган акушерлик ва умумтерапевтик тактика она ва боланинг ҳаёти ва соғлигини сақлашда ёрдам беради.


Фарида Аюпова, т.ф.д., профессор, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт фанлари» йўналиши бўйича Илмий-техник кенгаш аъзоси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1