АсосийЖАМИЯТ

Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари малака тоифасини олиш учун тест топширмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 106-сон билан юқори меҳнат самарадорлигига э...

'Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари малака тоифасини олиш учун тест топширмайди'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 106-сон билан юқори меҳнат самарадорлигига эришаётган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини муносиб рағбатлантиришни ташкил этиш мақсадида бир қатор қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги тўғрисида олдин хабар берилган эди. Жумладан, Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган қўшимчага кўра, таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:

- туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);

- вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);  

- халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1, 2 ва 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).

Шунингдек, ушбу қарорда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун малака синовлари (тест синовлари ўрнига) назарий ва амалий синовлар синовларини ўтказиш белгиланганлиги сабабли тегишли вазирлик ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгаришлар юқори меҳнат самарадорлигига эришган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини рағбатлантиришга катта ҳисса қўшиб, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун:

2019 йилда халқ таълими тизими педагог кадрлари аттестациясининг тест синовларида жами 2592 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчилари иштирок этишган.

Тест синовлари натижаларига кўра иштирок этганларнинг 2592 нафардан 1481 нафари (57,1%) ижобий натижалар, яъни амалдаги малака тоифасини ошириш ёки сақлаб қолишга мос келадиган кўрсаткичларни қайд этишган.

Жисмоний тарбия фани бўйича иштирок этган 2592 нафар педагогларнинг ўртача кўрсаткичлари 61,4% (ўтган йилги 60,1%га нисбатан +1,3% га ошган)ни ташкил қилган.

Бу ўқитувчиларининг кўрсаткичларини 100 баллик рейтинг тизими асосида таҳлил қилинганда, иштирок этган 2592 нафар педагоглардан:

- 86-100 балл, аъло - 64 (2,4%) нафар;

- 71-85 балл, яхши - 399 (15,3%) нафар;

- 55-70 балл, кониқарли - 1287 (49,6%) нафар;

- 55-балдан паст, кониқарсиз - 842 (32,6 %) нафар.

Аттестация натижаларига кўра, 68 (2,6%) нафарига олий малака тоифаси, 1040 (40,1%) нафарига биринчи малака тоифаси, 1484 (57,2%) нафарга иккинчи малака тоифаси берилган.

2019-2020 ўқув йилида халқ таълими мусассаларида фаолият кўрсатаётган жисмоний тарбия ўқитувчилари жами 28897 нафар, шундан:

- олий малака тоифалилар сони - 314 нафар (1,1%);

- биринчи малака тофиалилар сони - 2842 нафар (9,9%);

- иккинчи малака тоифалилар сони - 9887 нафар (34,3%);

- мутахассис малака тоифалилар сони - 9753 нафар (33,7%);

- малака тоифасига эга бўлмаган (ўрта махсус маълумотли) 6075 нафар (21,0%)ни ташкил этади.

    Бошқа янгиликлар