Ижарада турган фуқаро хонадон эгасини уйини олиб қўйиш билан қўрқитиб, ундан 2 000 АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Даракчига Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлимига фуқаро Н.Н. мурожаат қилиб, ўзига тегишли Сергели туманида жойлашган хонадонида ижарада турган фуқаро У.У. унга таҳдид қилиб, уйини зўрлик ишлатиб тортиб олмоқчилигини маълум қилган. Фуқаро гўёки мазкур хонадон учун ижара тўловидан ташқари 50,0 млн сўм олганлиги тўғрисида норасмий турмуш ўртоғи Л.М.нинг унга нисбатан қонуний чора кўриш ҳақидаги мурожаатини қайтариб олиш эвазига 2 000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини билдириб, У.У.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ўтказилган тезкор тадбирда, У.У. товламачилик йўли билан Н.Н.дан 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан У.У. га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






