2020/2021-ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланиш арафасида. Хўш, пандемия даврида қабул жараёнлари ва имтиҳонлар қандай ташкил этилади? Кириш имтиҳонлари касбий (ижодий) шаклда ўтказиладиган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида абитуриентлар имтиҳонларни қай тартибда топширишади? Бу саволларга Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ойдинлик киритди.
Вазирлик матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, пандемия даврида карантин, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади. Таълим йўналишлари учун имтиҳонлар 11-июлдан 20-июлга қадар, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун 25-июлдан 10-августгача бўлиб ўтади.
Карантин чекловлари давом этган тақдирда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида имтиҳонлар касбий (ижодий) ҳамда касбий (ижодий)+тест йўналишида ташкил этилади.
Тўлиқ ижодий имтиҳон асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда абитуриентлар шу пайтга қадар махсус ва умумий жисмоний тайёргарликдан ташқари, сузиш бўйича ҳам имтиҳон топшириб келишар эди. Жорий йилги қабул мавсумида абитуриентлар фақат махсус ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон топширади, сузиш йўналиши мажбурий имтиҳонлардан олиб ташланади.
Ижодий ва тест имтиҳонлари (педагогик таълим йўналиши) асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда эса ижодий имтиҳонларнинг фақат биттаси (махсус жисмоний тайёргарлик) сақлаб қолинади ва қўшимча тест топширилади. Бу ҳолатда ижодий имтиҳон учун абитуриентлар максимал 93 балл, ижодий имтиҳондан эса 96 балл жамғариши мумкин.
Маълумот учун, абитуриентлар ижодий имтиҳонларни фақат бир кун ва узоғи бир соат ичида топширишади.






