Deep knowledge group консорциуми тузган ушбу рейтинг 130 та сифат ва миқдор кўрсаткичлари ҳамда 11400дан кўпроқ банд бўйича тузилиб, унда давлатлар киритган карантин чоралари самарадорлиги, улар олиб бораётган мониторинг, ташхислаш, соғлиқни сақлаш тизими тайёрлиги ва бошқа омиллар ҳисобга олинган. Бу ҳақда кунюузи ёзмоқда.
Рейтингга умумий ҳисобда 200 та давлат киритилган. Унга кўра, биринчи бешталикдан Швейцария, Германия, Исроил, Сингапур ва Япония жой олган. Биринчи ўнталикни эса Австрия, Хитой, Австралия, Янги Зеландия ва Жанубий Корея якунлаган.
Охирги ўринларни Либерия, Афғонистон, Чад, Мали, Руанда ва Жанубий Судан эгаллаган.
Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон 10-ўринни, умумий рейтингда эса 121-ўринни эгаллаган. Қўшни давлатлардан Қозоғистон 71-ўринни, Қирғизистон 108-ўринни, Тожикистон 124-ўринни ва Туркманистон 131-ўринни эгаллаган.
Маълумот ўрнида:
Deep Knowledge Group илмий тадқиқотлардан тортиб, инвестициялар, тадбиркорлик, таҳлиллар, ОАВ, хайрия ва бошқа кўплаб соҳаларда ишловчи тижорат ва нотижорат ташкилотлари консорциуми ҳисобланади.






