ЁХУД ТАЪЛИМ ТИЗИМИДАГИ НАФСИ ЎПҚОНЛАР ҚЎЛГА ТУШДИ
Президентимиз таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратганлари натижаси ўлароқ, халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланиб бормоқда. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Президентимиз 2019 йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз”, дея мазкур соҳа вакилларига юксак ишонч ҳам билдирганлар. Бироқ “гуруч курмаксиз” бўлмас экан...
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлимининг 2019 йил 17 сентябрдаги буйруғига асосан 31 ёшли фуқаро шу тумандаги умумтаълим мактабларидан бирида директор вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келган. Бир фуқаро мактаб директори в.в.б.га мурожаат қилиб, “танишимнинг мактабни 2019 йилда тугатгани ҳақидаги йўқолган аттестати дубликатини расмийлаштириб беринг”, дея илтимос қилган.
Мактаб директори в.в.б. эса ноқонуний бойлик орттириш мақсадида йўқолган аттестат дубликатини расмийлаштириб берилишини тезлаштириш эвазига 200 доллар пора сўрайди. Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлимида Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш ва методик хизмат кўрсатиш шўъбасининг 37 ёшли мудири билан тил бириктиради. Унга аттестат дубликатини расмийлаштириб берилишини тезлаштириш мақсадида 150 доллар пора берган.
37 ёшли мудир ишни тезлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш ва методик хизмат кўрсатиш бўлимининг 38 ёшли бошлиғига мурожаат этади. Бошлиқ эса “мурожаат этган шахсдан 100 доллар оламиз. Уччовимиз бўлишиб оламиз”, дея хизмат хонасида шўъба мудиридан ўз улуши тариқасида 600.000 сўм пора олган.
Аттестат дубликати тайёр бўлганидан сўнг, мактаб директори в.в.б. илтимос билан мурожаат қилган фуқародан олдиндан келишилган 200 доллар ва 400.000 сўм пулни олиб келишини сўраган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, хизмат хонасида пора олаётганида ушланган.
“50 ДОЛЛАРИ МЕНИНГ ФОЙДАМГА ҚОЛИШИ КЕРАК ЭДИ”
Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...
— 2016 йилнинг августидан бошлаб, Тошкент шаҳар М.Улуғбек туманидаги мактаблардан бирида Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаганман. 2019 йилнинг 17 сентябрдан мактаб директор вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига ўтдим. Олдимга мактабни 2019 йилда битирган қизнинг отаси келди. “Қизимнинг аттестатини уйдаги жанжал натижасида ёқиб юбордим. Шу аттестатни тез фурсатда қайта тиклашга ёрдам беринг. Тезлаштириб берсангиз хурсанд қиламан”, деди. Телефон рақамини ёзиб олиб, қўнғироқ қилишимни билдирдим. М.Улуғбек туман ХТБда ишловчи танишимдан аттестат масаласида ёрдам беришини сўрадим. У эса менга ушбу масалани Тошкент шаҳар ХТББ ходимлари орқали сўраб, аниқлик киритишини айтди. Эртасига фуқаро хонамга келди. Унинг олдида шўъба мудирига қўнғироқ қилдим. У “Газетада эълон берсин ва уни олиб, Тошкент шаҳар ХТББдаги бўлим бошлиғининг олдига борсин”, деди. Фуқаро кетма-кетликда айтилган ишларни бажарган. Аттестат дубликатини тайёрлаш учун 200 доллар бериш сўралганида фуқаро рози бўлган. Орадан 2 кун ўтиб, шўъба мудирименга қўнғироқ қилиб, “дубликатни олиш учун Тошкент шаҳар ХТББга хат тайёрлаб, ҳужжатларни олиб бориш керак. Ўзи билан 100 доллар олиб келсин”, деди. Шунда фуқарога қўнғироқ қилиб, 200 доллари олиб келишини айтдим. Фуқаро “Тошкентдан узоқдаман, қайтгач бераман”, деди. Шу куннинг ўзида шўъба мудирига мактабда фаррош бўлиб ишловчи аёл орқали ҳужжатларнинг ичига 100 доллар қўйиб жўнатдим. Аёлнинг пул нима мақсадда берилаётганидан хабари бўлмаган. 2-3 кун ўтгач, шўъба мудири менга қўнғироқ қилиб, “аттестат дубликатини тайёрлаш сал муаммоли бўлаяпти. Яна 50 доллар қўшиб берсин”, деди. Мурожаатчига қўнғироқ қилсам, “шаҳарга қайтай, бир оз муддат сабр қилиб туринг”, деди. Шўъба мудири билан учрашиб, 50 доллар бердим. Кейинчалик аттестат эгасининг бувиси қўнғироқ қилиб, “аттестат дубликати тайёр бўляптими?” деб сўради. “Ҳужжатлар тайёрланяпти. Набирангизнинг отаси билан гаплашдим”, дедим. Шунда аёл “У эркак набирасининг отаси эмаслиги, бегона”, деди. Шўъба мудири эса менга қўнғироқ қилиб, аттестат дубликати тайёрлигини айтди. Шунда мактаб ўқитувчисини туман ХТБга жўнатиб, аттестати дубликатини олиб келтирдим. Сўнг мурожаатчига қўнғироқ қилиб, “дубликат тайёр, 200 долларини олиб келинг”, дедим. Шунингдек, қизнинг бувисига ҳам қўнғироқ қилиб, дубликатни олиб кетиши мумкинлигини айтдим. Мурожаатчи эркакка 200 доллардан ташқари харажатлар кўпайиб кетгани сабаб яна 400.000 сўм пул олиб келишини тайинладим. У билан мактаб дарвозаси олдида учрашиб, хизмат хонамга таклиф қилдим. Ишорамга кўра, пулларни столга қўйди. Кузатиб қўймоқчи бўлганимда, хонамга Департамент ходимлари кириб келишди. Уларга шўба мудири мендан олган 150 долларни “бўлим бошлиғи бераман”, деганин айтдим. Мурожаатчидан олган 200 долларнинг 50 доллари менинг фойдамга қолиши керак эди. Қолган 400.000 сўм эса қилинган харажатлар учун эди. Аттестат дубликатини тайёрлаб бериш ваколатимга киради. Сабаби дубликат бланкасига имзо ва муҳрни мактаб директори қўяди. Қилмишимдан пушаймонман.
Судланувчи жиноятни очилишида тергов органига ёрдам берганини инобатга олиб, енгиллик қўллашни сўраб кўрсатма берган. Шунингдек, судда шўъба мудири ҳам айбига тўлиқ, бўлим бошлиғи эса қисман иқрор бўлган.
Муҳаммад ҚАЮМОВ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди судьяси:
СудланувчиларЖК 210-моддаси 2-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Ушбу модда билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб 1 йил муддатга таълим соҳасида раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
ЖКнинг 62-моддасига асосан қамоқда сақланган муддатининг ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаган ҳолда чегириб ташланди ва иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 11 ой 18 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист






