Фуқаронинг 24 млн. сўмдан ортиқ алимент пуллари олдиндан тўлаб берилди. Бу ҳақда МИБ хабар қилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Шу сабабли, алимент ундириш ота-она учун маъқул бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар болаларнинг керакли тарбия ва таъминот олишлари, соғлом улғайишлари учун зарур чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкин. Оила кодексининг 96-моддасига асосан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.
Мисол учун: фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 26.05.2011 йил кунги ижро варақасига асосан қарздор Р.Қобиловдан ундирувчи Н.Норбекованинг фойдасига икки нафар фарзандлари моддий таъминоти учун қарздорнинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 23-моддасига асосан ижро иши юритиш қўзғатилиб, томонларга ижро ва маълумот учун юборилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 13.08.2012 йилда Қонуннинг 42-1-моддасига асосан қарздор Р.Қобиловнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Қарздор Р.Қобиловнинг алимент тўловидан бўлган қарздорлиги Республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи ҳамда ойлик иш ҳақи ҳисобидан қайта ҳисобланганда, 2020 йил июнь ойига қадар 24 млн. 885 минг. сўмни ташкил қилиши аниқланган ҳамда мазкур қарздорлик 08.06.2020 йил куни тўлиқ ундирилиб берилди.
Бинобарин, алимент бу қарз эмас, балки фарзанднинг вояга етгунига қадар бериладиган таъминотдир. Буни бажариш эса ҳар бир ота-онанинг бурчи.






