Фуқарони қалбаки маълумотлар ёрдамида ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Даракчига Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ховос туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ўзини Гулистон давлат университети талабаси деб таништирган С.П., фуқаро З.А.га Қозоғистон Республикаси олий таълим муассасасида ўқиганлиги тўғрисида сохта маълумотнома олиб бериш ва ушбу маълумотнома асосида унинг “ўқишини” Гулистон давлат университетига кўчириб бериш эвазига 6,7 млн сўм ва 100 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Шунингдек, С.П.нинг кўрсатувларига асосан тадбир давом эттирилганда Тошкент Давлат аграр университети ассисент-ўқитувчиси А.У. “талаба” С.П.дан 6,2 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.П. ва А.У.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






