Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида “Тадбиркор - ислоҳотчиси” ташаббуси илгари сурилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Ушбу ташаббус доирасида Бизнес-омбудсман, Президент Администрацияси, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар иштирокида жойларда тадбиркорлар билан сайёр қабуллар ташкил қилинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 9 июнь куни Фарғона вилоятининг Бешариқ ва Ўзбекистон туманларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилди. Қабуллар вақтида кўплаб тадбиркорлар ўз муаммо ва таклифлари билан масъулларга мурожаат қилдилар.

Мурожаатларнинг асосий қисмини тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва ривожлантириш учун кредитлар ҳамда ер майдони ажратиш масаласидаги мурожаатлар ташкил қилди. Шу билан бирга, бир қатор тадбиркорлар ўз фаолиятларида юзага келаётган турли муаммоларни ҳал этиш ва соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини баён қилдилар.
Тадбиркорларнинг мурожаатлари масъул идоралар томонидан назоратга олиниб, уларни ҳал қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам давом этмоқда.






