Тергов органи томонидан Жиноят кодекси 109-моддаси (баданга енгил шикаст етказиш жинояти), 112-моддаси (ўлдириш билан қўрқитиш жинояти), 237-моддаси (жиноят тўғрисида ёлғон хабар бериш) ҳамда 219-моддаси (хокимият вакилига қаршилик кўрсатиш жиноятлари) билан айбланиб судга берилган Олот туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судида оқланди...
Иш жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанциясида прокурор протести асосида иш қайта кўриб чиқилиб, ҳукм ўз кучида қолдирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида “Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устиворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ сохасидаги энг катта ютуғимиздир. Мен, Президент сифатида судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман” дея таъкидлаганди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳамда жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судининг оқлов қарорлари давлатимиз раҳбарининг ана шу фикрларига муносиб жавоб бўлди.
Хўш, дастлабки тергов органи нима сабабдан фермерни қатор жиноятларни содир қилганликда айблаган эди?
Барчаси фермер хўжалиги чўпонининг турмуш ўртоғи бир бош она-бола сигири йўқолганлиги тўғрисида ИИБга ғаразгўйлик ниятида берган ёлғон хабаридан бошланади.
ИИБ ходимлари жиноят юз бермаганлигини сезган бўлсаларда, буни қонуний йўл билан ҳал қилиш ўрнига чўпоннинг рафиқасининг “оғзини ёпиб”, ундан тезроқ ва осонгина қутилишни ўйлаб, қаердандир бошқа бир сигир топиб, чўпоннинг рафиқасига бериб, сўнг уни бу ҳаракатлари учун сиқувга олишади.
Чўпоннинг рафиқаси сиқув натижасида ёлғон хабари ва сигирни ноқонуний қўлга киритганлиги фош бўлишидан қўрқиб,бу сигир уники эмаслиги, ўзининг сигирини топиб беришларини сўраб, ИИБ ходимларининг тазйиқ ўтказаётганлиги тўғрисида турли давлат органларига ариза ёзишда давом этади.
ВОҚЕАЛАР РИВОЖИ АВЖ ОЛАДИ...
Шундан сўнг ИИБ ходимлари “махкам бел боғлаган ҳолда” қонуний равишда терговга қадар текширув ўтказиб, чўпоннинг рафиқасининг турмуш ўртоғи аслида сигирнинг ҳақиқий эгаси бўлган чўпонни сўроқ қилиб, жиноят юз бермаганлигини, сигир ўғирланмаганлигини аниқлаб, чўпоннинг рафиқасига Жиноят кодекси 237-моддаси (жиноят ҳақида ёлғон хабар бериш) билан айб эълон қилишади.
Чўпоннинг фермер хўжалиги раҳбари билан муносабатлари ёмонлиги учун “ёлғон хабар беришни чўпоннинг рафиқасига фермер хўжалиги раҳбари маслаҳат берган”, деган тахминий кўрсатувидан келиб чиқиб, ИИБ ходимлари фермерга ҳам чўпоннинг рафиқасига шерик сифатида Жиноят кодекси 237-моддаси билан айб эълон қилишади.
Фермер хўжалиги раҳбари бундай ноҳақликдан “бош кўтаргач”, ИИБ ходимлари фермернинг айбини янада мустахкамлаш мақсадида чўпоннинг фермер бир вақтлар уни қорамолларни қаровсиз қолдирганлиги учун урганлиги ва сувга ташлаб ўлдириб юбориш билан қўрқитганлиги ҳақидаги кўрсатувларидан келиб чиқиб, фермернинг айбини Жиноят кодекси 109-моддаси ва 112-моддаси билан тўлдиришади.
ИИБ ходимлари чўпоннинг кўрсатувлари эвазига ёрдам сифатида унга фермер хўжалигининг молхонасида турган, низоли бўлган 5 бош қорамолларни олиб бериш мақсадида фермер хўжалигининг чўлдаги молхонасига бориб, бу 5 бош қорамолларнинг ишга алоқаси бўлмасада ноқонуний равишда уларни чўпонга олиб беришади.
Фермер хўжалиги раҳбарининг ўз молхонасида ўтказилган ноқонуний тергов ҳаракатига қаршилиги ҳақли бўлишига қарамай, фермерга хокимият вакилига қаршилик кўрсатганликда асоссиз Жиноят кодексининг 219-моддаси билан ҳам айб қўйишади.
Ушбу жиноят иши юзасидан дастлабки тергов жараёнида тўпланган далиллар судда текширилганда, фермернинг жиноят ҳақида ёлғон хабар беришда чўпоннинг рафиқаси билан жиноий тил бириктирганлиги исботланмади. Чўпоннинг рафиқаси сигири йўқолганлиги тўғрисида ёзган аризаларини фақатгина ўз ҳуқуқий онгига таяниб ёзганлигини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, ИИБ ходимларининг фермер хўжалигининг молхонасида ўтказган олиб қўйиш тергов ҳаракати суд қарори билан ноқонуний деб топилганлиги учун ҳамда фермерниннг чўпонни урганлиги ва уни ўлдириш билан қўрқитганлиги исботланмаганлиги сабабли фермер ОҚЛАНДИ.
Ж.САДИРОВ, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси






