Бағдод тумани Қирқволида қишлоғида истиқомат қилувчи Ш.Азизов ва З.Мирзаакбаровлар туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига электр энергиясидан шикоят қилиб мурожаат йўллашди.
Унга кўра аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатувчи трансформатор нимстанцияси (ТП) кўздан кечирилганда, унда кўп маротаба таъмирлаш ишлари ўтказилганлиги билиниб турарди. Аҳолининг айтишига қараганда, улар бир неча марта мазкур ТПни ҳашар йўли билан ҳам таъмирлатган эканлар. Бир иккита уяли алоқа компанияларининг антенналари ҳам ана шу линиядан қувват олиши эса, ҳудудда муайян вақтларда алоқа сифатининг талаб даражасида бўлишига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаган, албатта.
Мурожаатни ўрганиш давомида, туман электр таъминоти корхонаси ва туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида Қирқволида қишлоғини умумий қиймати 6 500 000 (олти миллион беш юз минг) сўм бўлган, янги ТП-63 кВА русумли ток тақсимлагич билан таъминланишга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳудуд аҳолиси кўп йиллик муаммони бартараф этилганидан мамнун ҳолда туман жамияти ва бошқа масъул идоралар вакилларига ўз миннатдорчиликларини изхор қилдилар.






