Жорий йилнинг 6 июнь куни соат тахминан 23-30ларда Жиззах шаҳар, “Сайилжойи” МФЙ, “Маржонли” кўчасида яшовчи фуқаро А.А маст ҳолатда бўлган вақтида, хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти қўриқлаш бошқармаси ҳарбий хизматчилари М.П ва У.И.лар унинг ёнига бориб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузган. Бу ҳақда Жиззах вилоят прокуратураси хабар бермоқда.
Қоида бузар фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш учун Жиззах шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБга боришини айтганларида, фуқаро А.А ҳарбий хизматчиларни турли қўпол сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаб, уларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан воқеа жойидан кетиб қолган.
Шундан сўнг, ҳарбий хизматчилар М.П ва У.И.лар Жиззах шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ профилактика инспектори М.Т билан биргаликда фуқаро А.А.нинг маст ҳолатда бўлганлиги сабабли, унинг янги ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш ҳамда карантин қоидаларини бузганлиги учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш мақсадида унинг ортидан яшаш хонадонига боради. Фуқаро А.А.ни Жиззах шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБга олиб бормоқчи бўлганларида, М.П ва У.И.ларга нисбатан фаол қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақоратлай бошлайди. Шаъни ва қадр-қимматини беодоблик таҳқирлаб, У.И.нинг эгнидаги хизмат кийимининг ўнг қўл енг қисмини қўлидан тортиб йиртиб, унинг бош қисми ва танасининг турли жойларига уриб-дўппослаб тан жароҳати етказган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






