АсосийЖАМИЯТ

Видеоконференция: Сенат раиси Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори билан мулоқот қилди

Бугун, 12 июнь куни Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кура...

'Видеоконференция: Сенат раиси Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори билан мулоқот қилди'ning rasmi

Бугун, 12 июнь куни Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер иштирокида видеоконференция тарзида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилади. 

Видеоконференцияда  қайд этилганидек, сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишда кейинги йилларда 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, Халқаро меҳнат ва Халқаро миграция ташкилотларининг 6 та Конвеция ва протоколлари ратификация қилинди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Ўзбекистонда COVID-19 га қарши кураш иш олиб борилаётгани, пандемия оқибатида келиб чиқадиган глобал инқирознинг таъсирини юмшатиш, аҳоли даромадларини сақлаб қолиш, корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш борасида муҳим чоралар кўрилаётганини таъкидллади.

Мазкур учрашув айнан “Умумжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни”га тўғри келганлиги билан ҳам аҳамиятлидир, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Ваҳоланки, Халқаро меҳнат ташкилоти билан дастлабки ҳамкорликни шу кунда бошлаган эдик. Бугун унинг ижобий натижаларига гувоҳ бўляпмиз, десак муболаға эмас. Таъкидлаш жоизки, Президентимиз жорий йилда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон тарихида илк бор камбағалликни қисқартириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берганди. Бу мақсадларга эришишда, аввало, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва аҳоли бандлик даражасини оширишга эътибор қаратилди.

Ҳозирда ХМТнинг тавсиялари асосида жорий йил октябрь ойига қадар яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда. Мазкур масала, айниқса, бугунги пандемия даврида ўзининг долзарблигини кўрсатмоқда.

Президентимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатишга оид 17 та фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон томонидан қабул қилинаётган инқирозга қарши чоралар ХМТнинг пандемияга қарши тўртта асосий тамойилига тўла мос келишини ҳам алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқ.  

ХМТ 100 йиллигига ҳар бир давлат биттадан конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги ташаббусини инобатга олиб, биргина 2019 йилда Ўзбекистон томонидан ХМТнинг 3 та конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилинди. Бугунги кунда миллий қонунчилигимиз ушбу конвенцияларга тўла мослаштирилди. Бу ишларни давом эттирган ҳолда, жорий йилда яна 3 та конвенцияни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб пахта етиштириш ва сотиш бўйича давлат буюуртмаси бекор қилинди. Бу бизга пахта етиштиришда босқичма-босқич бозор муносабатларига ўтиш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга кўмаклашувчи муҳим омилларни бартараф этиш имконини беради.

Албатта, ҳали мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш, миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мослаштириш борасида ишларимиз кўп. ХМТ билан яқин ҳамкорликда мамлакатимизда халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз.

Видеомулоқотда ХМТ Бош директори Ўзбекистонда пандемия оқибатида келиб чиқадиган глобал инқирознинг таъсирини юмшатиш, аҳоли даромадларини сақлаб қолиш, бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ва самарали ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.

Шунингдек, онлайн учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2021-2023 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат бўйича янги Мамлакат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар