1

Самарқандда МИБ ходимларини ёқиб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди

ЖИНОЯТ 13.06.2020, 16:49
Самарқандда МИБ ходимларини ёқиб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди

Аввалроқ 2020 йил январь ойида Самарқандда ижро ҳаракатларини амалга ошираётган МИБ ходимларига қаршилик қилган аёл Дилором Розиқова уларни ёқиб юборгани хабар қилинганди. Хабарга кўра, Розиқова Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан Самарқанд шаҳри, Навоий шоҳ кўчаси, 49-уй, 16-хонадондан чиқарилиши керак бўлган. Аммо у уй-жойдан чиқишдан қатъий бош тортган ва уйига келган МИБ ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган, ҳатто, уларнинг устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни уларни устига қасддан улоқтириб юборган.

Шундан сўнг, Розиқова Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан айбланган ва 23 январдан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Бироқ Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилди. Шу сабабли ушбу жиноят ишини кўриш номаълум муддатга қолдирилган эди.

Олий суд матбуот хизмати хабар қилишича, 2020 йил 11 июнь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида судланувчи Дилором Розиқова (1978 йилда туғилган) га нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Д. Розиқова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой 9 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1