1

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ўзбекистон билан ҳамкорликни қутлайди

СИЁСАТ 17.06.2020, 08:25
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари  Ўзбекистон билан ҳамкорликни қутлайди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ўзининг навбатдаги, 2019 йилучун Йиллик ҳисоботини тақдим этди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизматии маълум қилди.

Ушбу ҳужжат БМТ Олий комиссари ва унинг Бошқармаси фаолиятининг ҳисобот давридаги фаолияти якунларига доир маълумотлардан иборат. У Бошқарманинг бош қароргоҳи ва жойлардаги ваколатхоналари томонидан амалга оширилган кўплаб йўналишлардаги кенг ҳажмли ишларни ўзида қамраган.

Жорий маъруза Мишель Бачелет Олий комиссар сифатида иш бошлаган дастлабки тўлиқ йилнинг якунлари бўйича тайёрланган. Маълумки, аввал икки маротаба Чили президенти постини эгаллаган М.Бачелет 2018 йил сентябрида мазкур лавозимга Зайд ал-Ҳусайннинг (Иордания) ўрнига тайинланган.

Ҳисобот асосан қуйидаги масалаларга оид ахборотлардан иборат:

  • БМТнинг тинчликпарварлик амалиётларига инсон ҳуқуқларини интеграция қилишга кўмаклашиш;
  • Бошқарманинг турли ҳудудларда жойлашган 84 та ваколатхонаси салоҳиятини ошириш ва техник ҳамкорлик бўйича имкониятларини кучайтириш;
  • 12 та тинчликпарвар миссиянинг ҳуқуқ ҳимоясига доир ваколатлари доирасида мониторинг ва муҳофаза қилиш бўйича иш олиб бориш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича асосий шартномаларнинг 37 тасини ратификация қилиш ва уларга қўшилиш учун ёрдам кўрсатиш;
  • 77 та мамлакатда қийноқлардан жабр кўрган қарийб 36 минг нафар шахснинг реабилитация қилиниши ва кўмак олишини таъминлаш;
  • камситишларнинг барча шаклларини тақиқлашга қаратилган 15 та янги миллий қонун қабул қилинишига ёрдам бериш.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳисоботда биринчи маротаба Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик борасида эришилган ўсиш натижалари ҳақида батафсил ахборот ҳавола этилмоқда. Мамлакатимизга тааллуқли ушбу маълумотларни Олий комиссар ўз маърузасининг муқаддимасидаёқ қайд этгани диққатга лойиқдир.

Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий индикаторларни ушбу соҳадаги халқаро ҳуқуқ талабларига тўлиқ мос ҳолда ишлаб чиқишга хизмат қилган. Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан ижобий баҳоланганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Эътироф этилишича, бундай натижа Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқа тараққиёт режаларини амалга оширишда Ўзбекистонга бошқа мамлакатлар қатори инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини ҳамда БМТнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш механизмлари тавсияларини ҳисобга олиш имконини беради.

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишига доир жараёнлар илгари силжигани ҳам қайд этилган. Хусусан, мамлакатимиз БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив баённомасига қўшилиши учун кўмаклашиш бўйича бир қатор тадбирлар ўтказилган. Ана шу муҳокамаларда фуқаролик жамиятининг вакиллари ҳам фаол иштирок этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил декабрида қабул қилинган Қарорида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш борасидаги фаолиятни кучайтириш кўзда тутилганига эътибор қаратилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ана шу соҳалардаги халқаро тажриба ва илғор амалиётни ўрганишга доир бир қанча лойиҳаларни амалга оширгани муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, БМТнинг устав ва шартномавий органларига маърузалар тайёрлаш бўйича миллий механизмлар салоҳияти сезиларли даражада мустаҳкамлангани таъкидланган. Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ўзаро ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзининг асосий дастуриламал ҳужжатини тайёрлаган ва тақдим этган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи барча тузилмалари ушбу ҳужжатдан қўлланма сифатида фойдаланмоқда.

Тегишли давлат органлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий муассасалари ва фуқаролик жамияти ўртасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталари билдирган якуний тавсияларни амалга ошириш ва эришилган натижаларни мунтазам мониторинг қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш ишлари такомиллаштирилган.

Маърузада Ўзбекистон академик доиралари, алоқадор вазирликлар ва давлат муассасалари вакилларини ўқитиш ва касбий малакасини ошириш бўйича қилинган ишлар ҳам ўз аксини топган.

Бундан ташқари, мамлакатимизда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси нашрлари ва ахборот материалларини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш борасида эришилган натижалар қайд этилган.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1