АсосийЖАМИЯТ

Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион бинода иш бошлади (Фото)

Кеча, 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биноси...

'Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион бинода иш бошлади (Фото)'ning rasmi

Кеча, 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур бўлиб ўтди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилган эди. Иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни жаҳон илм-фани ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологиялар асосида жадал ривожлантириш ушбу вазирликнинг вазифалари этиб белгиланган эди.

Ўша йили вазирлик учун Талабалар шаҳарчасидан жой танланиб, илғор илм-фан ютуқларини мужассам этган, олимлар, тадқиқотчилар ишлаши учун замонавий муҳитга эга бино қуришга киришилиб, жорий йил Инновацион ривожланиш вазирлигинг энг замонавий архитектура талабларига жавоб берадиган, меъморий жиҳатдан кўркам биноси қуриб битказилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги 6 қаватдан иборат бўлиб, 1-қаватида Интерактив кўргазма майдони, Ёш ихтирочилар хонаси, Ахборот хизмати студияси, Интерактив кўргазма зали вазифасини бажарувчи “Show room”, РОБОТОТЕХНИКА” бурчаги, болалар хонаси, фуқаролар қабулхонаси, Интерактив электрон кутубхоналар жой олган. 

ЗАМОНАВИЙ КУТУБХОНА

Замонавий кутубхонада QR-кодга боғланган китобларнинг электрон ресурслари 5000 дан ортиқ китобларнинг электрон нусхаси, 3000 дан ортиқ китобларнинг босма нусхаси,  Qbox қурилмасига жойлаштирилган 100 000 дан ортиқ китобларнинг электрон нусхалари мавжуд.                                              

Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий маркази, шунингдек робототехника ва мехатроника, учувчисиз парвоз этувчи қурилмалар, саноат соҳасидаги интернет буюмлари, 5G янги авлод тармоқлари бўйича 4 та янги замонавий лабораториялар ҳамда Илмий-техник ахборот маркази, ЎзМУ ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази, “Инновациялар ва бошқарувда ечимлар” лабораторияси, 12 та стартап хоналари юқори қаватлардан ўрин олган.

Бинонинг ертўла қаватида эса аэрокосмик тадқиқотлар ва 3D прототиплаштириш бўйича 2 та янги ўқув лабораториялари, ходимлар учун тренажор ва тиббий хизмат кўрсатиш хоналари ташкил қилинган.

Интерфаол кўргазма зали – “Showroom” етакчи хорижий ва маҳаллий компанияларда ишлаб чиқарилаётган инновацион маҳсулотлар, стартап лойиҳалар тўғрисида маълумот беради. У турли соҳалардаги 37 та лойиҳани қамраб олувчи 8 та блокдан иборат.

Бу ерда робототехника, технологиялар трансферига тегишли ва Ёшлар академияси аъзоларининг лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, давлат бошқарувидаги инновациялар намойиш этилади, “ақлли” банк фаолият кўрсатади.

“АҚЛЛИ БАНК”

Медиа тур давомида мутахассислар ҳар бир лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бериб боришди. Шундай лойиҳалардан бири “Ақлли банк” лойиҳаси ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Лойиҳанинг мақсади, мижозларга он-лайн банк хизматларини кўрсатишдан иборат. Жумладан,

1. Ҳисоб рақам очиш. 

2. Ҳисоб рақамни бошқариш. 

3. Банк пластик картасини очиш. 

4. Банк кредит картасини олиш.

5. Омонат очиш. 

6. Халқаро пул ўтказмаларидан фойдаланиш. 

7. Валюта айрибошлаш. 

8. Тўловлар ўтказиш. 

9. Банк ходимлари билан мулоқот қилиш. 

Агар ушбу лойҳи амалиётга тадбиқ этилса, барча банк хизматлари масофадан туриб онлайн кўринишда кўрсатилади. Юзага келадиган саволлар бўйича банк ходимлари билан онлайн мулоқот қилиб маслаҳат олиш имконияти пайдо бўлади. Шу билан биргаликда банк ходимлари мижозларга мавжуд лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосланиши ва лойиҳани молиялаштириш истиқболлари ҳамда банк кредитларидан фойдаланиш бўйича масофадан туриб тўғридан-тўғри маслаҳат бериб боришини йўлга қўйиш мумкин бўлади. 

АРЗОН УЙЛАР ҚУРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ ҚЎЛЛАНИЛСА...

Инновацион ривожланиш вазирлиги Исроилнинг “Maya International” компанияси билан сунъий йўлдош орқали қувурлардан сув сизишини аниқлайдиган технология, Польшанинг “Novol Asia” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда полиэфир шпатлёвка ва полиэфир елим ишлаб чиқариш технологияси трансферини амалга оширилди. Кўргазмада Малайзиянинг “Cy Rewards” компанияси билан ҳамкорликда жорий этилаётган арзон уйлар қуриш технологияси ҳам намойиш этилган. Бу технологиянинг афзаллиги 2-3 қаватли уйларни қисқа вақтда қуриш имконини беради. Бунда бир квадрат метр уйнинг таннахри уч юз доллар бўлади.

СТАРТАПЛАР, NAZZAR ПЛАТФОРМАСИ ҲАМДА ТИББИЁТДАГИ ИННОВАЦИЯЛАР

Вазирлик биносидаги интерактив студияда онлайн дарслар, вебинарлар ўтказиш, видеодарслар ёзиш мумкин. Бу студия “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларни ўқитиш, масофавий мулоқот орқали жойлардаги мутахассислар малакасини оширишда ҳам қўл келади.

Бу ерда иқтидорли ёшлар энг сўнгги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида стартап лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўладилар.

Бинода кенгайтирилган виртуал реаллик технологияси – NazzAR платформаси ишга туширилган. Бу технология фойдаланувчиларга қўлидаги смартфони орқали дунё объектлари билан интерфаол муносабатларга киришиш имконини беради.

Тиббиётдаги инновациялар, Ёшлар академияси аъзоларининг лойиҳалари, ғўзанинг вилт касаллигига чидамли янги навларини яратиш, ген-нокаут технологияси ёрдамида картошка ва буғдой ҳосилдорлигини ошириш, Корея технологияси асосида қишда қовун етиштиришга мўлжалланган иссиқхона лойиҳалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг истиқболли лойиҳалари сирасига киради.

    Бошқа янгиликлар