Олий суд томонидан фуқаролар ўз ҳуқуқларини билиб олишлари учун қулай имконият яратилди (фото)
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мажмуасида суд-ҳуқуқ ислоҳотла...
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мажмуасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш борасида амалга ошириб келинаётган ишлар алоҳида муҳим ўрин эгаллайди...
Ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий маданиятлилик — фақат қонунларни билишдан иборат бўлмасдан, балки мавжуд қонунларга амал қилиш ва уларга бўйсуниш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, унга дахл қилмаслик ва ўз ҳақ-ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ҳолларда ҳимоя учун судга мурожаат этишдир.
Қайд этиш жоиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги судга мурожаатлари доимий ортиб бормоқда.
Лекин, мурожаатлар, судда кўрилаётган асосий низолар таҳлилидан кўринишича, барча фуқаролар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тартиб ва тамойилларини, суд қарорларига нисбатан шикоят бериш тартиб ва муддатлари ҳақида, шунингдекоила ҳуқуқи, мерос ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи ҳамда ер низоси билан боғлиқ қонун талаблари ҳақида зарурий маълумотларга эга деб бўлмайди.
Шунга кўра, 2019 йил ва 2020 йилдаги мурожаатлар ва судларда кўрилган ишлар таҳлили асосида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан фуқаролар, кенг халқ оммасининг ҳуқуқий билимлари, саводхонлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бирон монеликсиз ва ўз вақтида судга мурожаат қилишини таъминлаш, оила ҳуқуқи, мерос ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи ҳамда ер низоси билан боғлиқ қонун талабларини тушунтириш мақсадида 5 та қўлланма тайёрланди:
1.“Судга мурожаат қилиш ва суд хужжатлари устидан шикоят бериш тартиби”
Қўлланма кенг халқ оммасига мўлжалланган бўлиб, унда бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар, жиноят ишлари бўйича судлар ва маъмурий судларга фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга ариза, даъво ариза, шикоят билан мурожаат қилиш тартиби ва муддатлари батафсил ва содда тилда ёритилган.
Шунингдек, қўлланмада, суд буйруғи тартибида иш юритиш, даъво тартибида иш юритиш, суд хужжатлари устидан ариза, шикоят бериш тартиби ва муддатлари борасида тушунтиришлар берилган.
2. Оила аъзоларини ҳуқуқи ҳимоясини ҳамда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишлар олдини олиш мақсадида “Оила муқаддас даргоҳ”
Қўлланмада никоҳ тушунчаси, никохни қайд этиш, никоҳ шартномаси, болаларнинг мулкий ҳуқуқлари, ота-онанинг ўз болаларига манфаатлари ҳимояси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари, боладан алоҳида яшаётган ота-онанинг ҳуқуқлари,бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ҳуқуқлари, вояга етмаган болаларнинг таъминот олиш ҳуқуқи, миқдори,эр-хотиннинг мулк ҳуқуқи, никоҳ шартномаси намунаси ҳамда оила ҳақидаги ҳикматли сўзлар жой олган.
3. Мерос мулки билан боғлиқ низоларнинг олдини олиш, ворислар ўртасидаги қариндошлик ришталарига путур етишининг олдини олиш мақсадида “Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида”
Қўлланмадан ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ умумий ҳамда ҳаётда кўп учрайдиган хусусий, жами 50 саволга жавоб берилган, меросни қабул қилиш билан боғлиқ ариза намуналари, васиятнома намуналари ҳамдақонун ва васиятнома бўйича меросни расмийлаштиришга доир нотариал ҳужжатлар, шунингдек мерос мулки билан боғлиқ низо келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан 7 тавсия ўрин олган.
4. Ходим ва иш берувчининг меҳнатмуносабатлари ҳимоясини амалда таъминлаш, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва низоларнинг олдини олиш мақсадида “Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида”
Қўлланмадан меҳнат ҳуқуқи, ходим ва иш берувчи муносабатларининг ҳуқуқий тартиби, ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, низолар бўйича мурожаат қилиш тартиби ва муддатлари, меҳнат ҳуқуқини расмийлаштириш билан боғлиқ хужжатлар намунаси жой олган.
5. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер билан боғлиқ ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш мақсадида “Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиш тартиби”
Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши асослари,, шунингдек ерга нисбатан ҳуқуқларнинг бекор бўлиши асослари ва тартиби, ўзбошимчалик билан ерни эгаллаш оқибатлари ёритилган амалий қўлланмалар тайёрланди.
Барча қўлланмалар, инфографикалардан фойдаланилган холда содда тилда баён этилиб, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва судга мурожаат этувчи бошқа шахслар ҳамда кенг аҳоли қатламининг ҳуқуқий маданияти ва онггини юксалтириш, уларнинг судга ҳеч бир тўсиқларсиз, эркин мурожаат қилишларини таъминлаш, шунингдек оилалар мустаҳкамлиги ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни қонуний тартибга солишга мўлжалланган.
"НИЯТИМИЗ НИЗО КЕЛИБ ЧИҚҚАНДАН СЎНГ ҲАЛ ҚИЛИШ ЭМАС, БАЛКИ УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ"
Холмўмин ЁДГОРОВ, Олий суд раиси ўринбосари:
— Йиллар мобайнида низо келиб чиққанидан сўнг суд томонидан мавжуд масала кўриб чиқилиб, унга қарор чиқариш билан чекланган ёки масаланинг ечими суд жараёнидагина изланган. Янги нашр қилинган 5 та ҳуқуқий тўпламда эса энг асосий эътиборни низо келиб чиқишини олдини олишга, жисмоний ва юридик шахсларга қонуний ҳуқуқларини тушунтиришга қаратганмиз.
Таъкидлаш жоиз, энг кўп низолардан бири бу – ворислик, мерос билан боғлиқ. Шу боис тўпламда низолар келиб чиқмаслиги учун амалиётдан келиб чиқиб тавсиялар ҳам берилган. Масалан, меросни расмийлаштиришда қийинчиликларга дуч келмасликлари учун меросни қабул қилиш билан боғлиқ барча нотариал ҳаракатлар қўлланмадан жой олган.
Меҳнат низолари ҳам оғриқли нуқталардан бири. Айтиш жоиз, бир йилда 700 дан зиёд фуқаролар ишга тикланди. Демак, иш берувчи ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини бузган. Биргина мисол, кўп ҳолатларда ходим ноқонуний ишдан бўшатилган бўлади. Бироқ қонунда мазкур низо юзасидан судга мурожаат қилиш муддати 1 ой деб кўрсатилган. Мазкур муддатни ўтказиб юбориб, судга мурожаат қилса, ҳеч қандай ёрдам беролмаймиз. Тўплам эса шу ва шу каби бошқа низоларни олдини олиш, ҳар икки тарафнинг ҳуқуқларини тушунтиришда ас қотса адабмас.
Шунингдек, ажримларнинг олдини олиш учун никоҳдан ўтишдан то эр-хотиннинг барча ҳуқуқларигача батафсил тушунчалар ёритилган. Қарз олди-берди, уй-жой масалалари бўйича ҳам муаммолар етарлича. Тўпламдан бу бўйича ҳам керакли ҳуқуқий кўрсатмаларни топа олишади. Ўз ҳуқуқини билган киши эса қарши тарафнинг ҳам ҳуқуқини бузмайди.
— Мазкур тўпламлар сотувда йўқ. Шу боис фуқароларда “Мазкур ҳуқуқий тўпламларни қаердан олиш мумкин?” деган ҳақли савол туғилади?
— Ўз ҳуқуқларидан бохабар бўлиб, ҳуқуқий билимларини оширишни истаганлар учун янги нашр қилинган 5 та тўпламнинг электрон шаклини шу кунларда Олий суднинг http://sud.uz расмий сайтидаги Ҳуқуқий адабиётлар бўлимига жойлаштирилади. Айни вақтда сайтнинг мазкур бўлимида ўзбек тилида 24 та, рус тилида 4 та ҳуқуқий қўлланмалар ҳам бор. Бу саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини ҳам кўрсатяпти. Фуқаролар учун ҳуқуқий қўлланмаларни халқчил тилда нашр қилишимиздан мақсад ҳам шу.
Аниқ рақамларга таянадиган бўлсак, судга мурожжат қилганлар 57 минг нафарни ташкил қилган бўлса, шундан 22 минг нафари маслаҳат сўраган. Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналарига эса 52 минг нафар мурожаат бўлган. Шундан 89,8 фоизи ҳуқуқини билмаслиги боис, улар ҳам маслаҳат сўраган. Шу боис тўпламлардан амалиётда энг кўп учраётган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилган. Ниятимиз низо келиб чиққандан сўнг ҳал қилиш эмас, уни олдини олиш. Энг муҳими, тўпламлар қонун тилида эмас, қонун талабидан келиб чиқиб ёзилган.
ЭСЛАТМА:
Сайтимиз орқали аввал ҳам Олий суд томонидан ҳуқуқий адабиётлар аҳолига бепул тарқатилаётгани ва мавжуд ҳуқуқий адабиётлар ҳақида батафсил маълумот берган эдик.