АсосийЖАМИЯТ

Бухорода "City" қураман деб тадбиркорларни хонавайрон қилишяптими? (видео)

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 20 июн куни “Тадбиркорлар: Сити қураман, деб бизни хонавайр...

'Бухорода "City" қураман деб тадбиркорларни хонавайрон қилишяптими? (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 20 июн куни “Тадбиркорлар: Сити қураман, деб бизни хонавайрон қилишди!” сарлавҳаси остида видеомурожаат тарқалди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги келтирилган важлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилмоқда:

"Ҳукуматнинг махсус қарорига мувофиқ Бухоро шаҳрида ҳам ўтган асрнинг 60 йилларида қурилган, маънан эскирган ва асосан саноат учун мўлжалланган ҳамда ноанъанавий типдаги кичик бинолар эгаллаган жами 83 гектар майдонда замонавий турар жой, меҳмонхона, банк ва офис бинолари, таълим муассасалари, спорт комплекси, тиббиёт клиникаси ва бошқа турдаги ижтимоий объектлар (музей, илмий марказ, кутубхона, ёшлар маркази), экспо-марказ, IT парк, 32 қаватли бизнес маркази ва йирик савдо комплексларидан иборат “Bukhara City” мажмуаси барпо этилмоқда.

Туркиянинг тажрибали “Студио Вертебра” архитекторлик компанияси томонидан ишланган лойиҳа асосида қурилаётган мазкур мажмуа негизида барча замонавий қулайликлар ва сервис хизматлари мужассамлашган янги мавзе бунёдга келади. Умумий ҳисобда 600 млн доллар қийматида инвестициялар жалб қилиниб, 10 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади.

Албатта, “Bukhara City” мажмуаси қурилиши муносабати билан ушбу ҳудудда жойлашган бир қатор бино иншоотларни бошқа жойларга кўчириш белгиланган.

Шунга кўра, бу бино иншоотлар эгаллаган майдонларда қурилиш участкаларини тайёрлаш учун Ҳукумат қарори асосида Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тузилган Махсус комиссия томонидан ҳар бир объектнинг мулкдори билан юзма-юз музокаралар ўтказилиб, ўзаро имзоланган расмий келишувларга мувофиқ уларнинг бино-иншоотлари бузилиши оқибатида етказиладиган зарарлар ўрни тўлиқ қоплангандан кейин мазкур объектлар жойини қурилишга тайёрлаш ишлари бажарилиши йўлга қўйилган.

Мулкдорларга етказилган зарарлар Ҳукумат қарорида назарда тутилган тартибда, мулк қийматига тенгма-тенг бино-иншоот, ер майдони (зарур ҳолларда қўшимча ер майдони), “Bukhara City” мажмуаси ҳудудидаги қурилиш лойиҳа (ЛОТ)лар ва молиявий тўловларни бажариш йўли билан қоплаб берилиши таъминланмоқда.

Айни пайтгача мажмуа ҳудудидаги 68 гектардаги (82%) мулкдорлар томонидан объектлари ўзаро розилик келишувларига мувофиқ ҳеч қандай эътирозсиз бошқа жойларга кўчирилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига қулай шароитлар яратиб берилди. Эски объектлар ўрнида тайёрланган қурилиш майдонининг 42 фоизи салоҳиятли инвесторларга (шу жумладан, Туркия, Россия, Корея ва бошқа бир қатор хорижий давлатлар) берилиб, лойиҳа ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган лавҳадаги аёллар турган жойда акс эттирилган биноларнинг мулкдорлари умуман бошқа шахслар бўлиб, уларнинг мулкий масалалари ўзаро розилик келишувларига асосан давлат томонидан тенгма-тенг қийматда қоплангандан сўнг мулкдорларнинг ўзлари томонидан бузиб олинмоқда.

Лавҳада фикрларини баён этганлар даъво қилаётган мулклар ва биноларга мулкларига ҳали ҳеч ким дахл қилгани йуқ.

Лавҳадагиларнинг аксарияти “Руххур” корхонасига алоқадор шахслар бўлиб, мулкдорга тегишли деб ҳисобланаётган бинолар аслида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил 25 июлдаги қарори билан ноқунуний деб топилиб, давлат ихтиёрига қайтарилган. Шунга қармасдан, ҳокимлик ва бошқарув органлари ташаббуси билан ушбу биноларга даъво қилаётган шахслар билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги комиссияси бир неча бор музокаралар ўтказиб, уларнинг қурилиши тугалланмаган объекти (ертўласи) кўчирилиши ҳисобига бошқа жозибадор жойлардан ер участкаси берилиши, кредит ажратилиши ҳақида таклифлар билдирилган.

Аниқланишича, “Руххур” корхонаси “Bukhara City” мажмуаси қурилиши бошлангандан аввалги давр, яъни 2017 йилдан буён деярли фаолият юритмаган.

Лавҳада ўспирин йигит (Фозилов Мирзобек Жаҳонгирович) томонидан важ келтирилган бино эса аслида марҳум фуқаро Фозилов Жаҳонгир Эркиновичга тегишли бўлиб, марҳумнинг оила аъзолари томонидан ушбу бинода тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича давлат рўйхатидан ўтган ҳеч бир ҳужжат мавжуд эмас. Шу сабаб, бу йигитнинг тадбиркорман деб аюҳаннос солаётгани ҳам ҳақиқатга қанчалик тўғри келиши мавҳум бўлиб қолмоқда.

Боз устига ушбу бинони бошқа жойга кўчириш бўйича мулкий масала ҳал этилмагунга қадар уни бузиш талаби қўйилмаган бўлсада, бу жойда бетонли қурилиш материаллари (брусчаткалар) ишлаб чиқарувчи бошқа ташкилотга норасмий ижарага берилиб фойдаланиб келинган. Бу бинони бошқа шахсга ижарага бериш бўйича фақатгина 2020 йил 1 июнга келибгина шартнома тузилган. Ўз навбатида мазкур бинони аввалги даврда норасмий ижарага берилганлиги бўйича солиқ муносабатлари қандай бажарилганлиги тўғрисида ҳақли савол туғилади.

Қисқача айтганда, “Bukhara City” мажмуасини қурилиши бўйича ҳеч бир шахс зиён кўришига йўл қўйилмайди, бу объект ваколатли давлат органларининг доимий назоратида бўлади ҳамда барча ҳуқуқий ва мулкий масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда музокаралар йўли билан ҳал этилиши таъминланади.

Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, қадимий Бухоро ва Шарқ архитектурасини замонавий қурилиш меъёрлари билан бирлаштирган “Bukhara City” лойиҳаси дастлабки ақлли (смарт) шаҳарлар сифатида яқин келажакда нафақат Бухоронинг балки республикамиз анъанавий шаҳарсозлиги (шу жумладан, турар жой, бизнес, туризм ва ижтимоий соҳа объектлари)нинг янги саҳифасини бошлаб беради", - дейилади расмий муносабатда.

    Бошқа янгиликлар