24 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мунозара ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга амал қилиши, қийноққа йўл қўймаслик, уларнинг фаолияти бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳоли билан ўзаро мулоқотида фуқаролар иштирокини кенгайтириш жиҳатлари муҳокамаларига бағишланди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЎзЭОАВМА ва қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбир ННТ вакиллари, Ички ишлар вазирлиги, таҳлил марказлари, парламент аъзолари, ҳуқуқшунослар, журналистлар, блогер ва давлат органлари мутахассисларини бир майдонга жамлади. Муҳокама марказидаги мавзулар ҳақида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқотда иштирок этган Ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам ХАТАМОВ тизимда режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида гапирди:

— Андижон вилоятида бўлган воқеа, бутун тизим раҳбариятини, барча шахсий таркибни ниҳоятда ташвишга солди. Номаъқул, тизимга тасодифан кириб қолган ходимларни ишдан бўшатиш чораларини доимий равишда кўриб борамиз. Шуни ҳам таъкидлашни истардим: ички ишлар ходимлари кундалик фаолиятида тез-тез стресс, зўриқиш ҳолатига тушиб қолади. Чунки улар жиноятчилик ҳолатлари билан бевосита тўқнашади. Шунинг учун психологик таъминот ишларини янада кучайтиришимиз керак. Тизимда соғлом фикрлайдиган, ҳалол, пок, виждонли, ватанпарвар ходимларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Биз эндиликда ҳар бир туман ички ишлар органларида алоҳида хона тайёрлаймиз, у ерда ҳар бир ички ишлар ходими билан фуқаролар суҳбатлари аудио-видео ускуналари орқали ёзиб борилади. Умуман, калтаклаш, тазйиқ ўтказиш ҳолатларининг олдини олишнинг барча чораларини кўрамиз.






