АсосийЖАМИЯТ

Бугун кўпчилик хайп қилиш билан овора — Шерзод Шерматов блогер ва каналлар администраторларига мурожаат билан чиқди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Мурожаат билан чиқди:"Ҳурматли блогерлар ҳамда ижтимои...

'Бугун кўпчилик хайп қилиш билан овора — Шерзод Шерматов блогер ва каналлар администраторларига мурожаат билан чиқди'ning rasmi

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Мурожаат билан чиқди:

"Ҳурматли блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар администраторлари!

Охирги 2 йил давомида очиқлик сиёсати туфайли, йиллар давомида эътибордан четда қолган ачинарли мактабларнинг ҳолатлари сизлар томонингиздан ёритилиши жойларда мактабларимизга бўлган эътиборни ошириб, минглаб мактаблар таъмирланди. Давлат ва маҳаллий бюджетлардан мактаблар учун қўшимча маблағлар ажратилди ҳамда ҳомийларнинг маблағлари жалб этилди.

Натижада исталган ҳудудда охирги 2 йилда 2015-2016 йиллардагига қараганда камида 3-4 баробар кўп маблағлар мактабларимиз ҳолатини яхшилашга сафарбар этилди.

Шу билан бирга, охирги кунларда эски расмларни олиб, ёки умуман ишлатилмайдиган (консервация қилинган) бинонинг расмини қўйиб, мана бизнинг мактабларимизнинг аҳволи деб нотоғри маълумотлар асосида хайпга берилиш кузатилмоқда.

Бунга мисол қилиб яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир расмни олайлик. Қашқадарёдаги 183-мактабнинг аҳволи Афғонистондан ҳам баттар деган маънода тарқатилган расм. Аслида эса, бу 183-мактаб эмас, унинг ўқувчилари коллеждан бўшаган бинода ўқийди. Бу расм камида 2 йил аввал бошқа мактабда олинган. Ҳозир бу бино дарс ўтиш учун ишлатилмайди ва 2018 йил “Обод қишлоқ” дастури орқали таъмирланган бошқа бинода дарс ўтилади.

Бу ҳолат бўйича ҳудудий бошқарма томонидан расмий муносабат ҳам билдирилган .

Лекин унга ҳеч ким қарамай, кўпчилик хайп қилиш билан овора.

Жойларда муаммо кўплиги сир эмас, лекин бу каби нотўғри маълумотлар аҳолини фақат чалғитади ва жойлардаги ходимларни овора қилади.

Илтимос, бирон-бир расмни юз минглаб обуначига эга каналларда муҳокама қилишдан олдин ҳақиқатга тўғри келишини текшириб қўйинглар. Ёки изоҳлар билан «тошбўрон» қилишдан аввал ўша мактаб ходимлари, ҳудуддаги туман ёки вилоят халқ таълими бўлинмаларидан суриштириб кўринг. Улар вақтида жавоб беролмаса, марҳамат, Халқ таълими вазирлигининг янги матбуот котибидан сўрашингиз мумкин бўлади: Лайло Рустамова @хтвпресс

Энг ачинарлиси, бу каби ёлғон ваҳимани деб, ҳақиқий муаммоли мактаблар четда қолиб кетиши мумкин.

Коронавирус туфайли иссиқда уйда ўтириш ҳам кўпчиликнинг асабига салбий таъсир қилиб турган вақтда бу каби ёлғон хайпларга берилишдан мақсад нима эканлигини ўрганиб кўриш керак", - деган Халқ таълими вазири.

    Бошқа янгиликлар