Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ДХХБ, ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида яширин фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдорлари қўлга олинди.
Хусусан, ИИВ ҳузуридаги Тергов Департаменти юритувида бўлган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидаги 8 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 11 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда фаолият олиб бораётган «ТЖК» жангариларининг ғоявий таъсирига тушган ҳолда Тошкент шаҳрида яширин гуруҳ тузиб, ноқонуний йиғилишлар давомида интернет тармоғи орқали кўчириб олинган экстремистик мазмундаги материалларни муҳокама қилган. Улар «ҳижрат» ва «жиҳод» амалларини бажариш мақсадида Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштирган.
Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштириб олинган. Тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.