Сергели автомобиль бозори Тошкент вилоятига кўчирилади ҳамда унинг ўрнида автомобилларга сервис хизматини кўрсатадиган Car Box Service лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда газета.уз сайти ёзмоқда.
Манбаанинг ёзишича, eшбу қарор президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 май куни Сергели ва Зангиота туманларига бўлган ташрифи давомида давлат раҳбари маъмуриятининг протоколидан жой олган.
Ҳужжатда қайд этилишича, бош вазир ўринбосари — иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазири Жамшид Қўчқоров ва молия вазири Тимур Ишметовга икки ҳафта ичида 32,2 миллион долларлик Car Box Service лойиҳасини амалга ошириш учун ҳисоб-китобларни кўриб чиқиш топширилган.
Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўджаев ва Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовга «Сергели» автомобиль бозорини бошқа жойга кўчириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш вазифаси юклатилган.
2018 йил март ойида Сергели автомобиль бозори («Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозор») Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманига кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. «Тошбозорсавдо» уюшмасининг таъкидлашича, автомобиль бозорининг кўчиши, бу Сергели туман аҳолиси учун ноқулайликлар, хусусан, турар-жойларни шаҳар маркази билан боғлайдиган йўлнинг тиқилиб қолиши билан боғлиқ.
Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлигидан «Газета.uz»га берган маълумотларига кўра, Юкоричирчиқ туманида тайёргарлик ишлари олиб борилган. «Тошкент вилоятига кўчиб ўтиш, албатта амалга оширилади, аммо қачонлиги номаълум», — дея хабар берганди шаҳар маъмурияти.
Ишлатилган автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар сотиладиган «Сергели» автомобиль бозорининг майдони 23,7 гектарни ташкил этади. Сергели туманининг собиқ ҳокими Нозим Хусанов (амалдаги бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири) 2018 йил июнь ойида автомобиль бозори туман бюджетига йилига 11 млрд сўм даромад келтиришини таъкидлаганди.