1

“Нукус” полигонида жанговар машиналар мусобақаси бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 11.07.2020, 10:35
“Нукус” полигонида жанговар машиналар мусобақаси бўлиб ўтди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг “Нукус” полигонида БТР-80 зирҳли транспортёр экипажлари ўртасида Жанговар машина биатлони мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Даракчи.уз га Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини ошириш, жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини қарор топтириш ҳамда ўз касбининг профессионалларини етиштириш мақсадида жанговар тайёргарлик машғулотларидан “Мен ғолиб!” шиори остида турли кўрик-танлов ва мусобақалар ўтказилиши анъанага айланди.

Вазирлик миқёсида бўлиб ўтадиган мусобақанинг финал босқичида Жанговар машина биатлони бўйича ҳарбий округ шарафини муносиб ҳимоя қиладиган номзодларни танлаш мақсадида бўлиб ўтган беллашувда Нукус гарнизонидан 1 та ҳамда Урганч гарнизонидан 2 та жамоа майдонга чиқди.

Минали тўсиқ майдони, қумли қиялик, кўприк ҳамда бошқа бир қатор йўлда учрайдиган тўсиқлардан ўтиш ва белгиланган нишонларни яксон этиш каби вазифалар ҳарбий хизматчилар учун одатий ҳол бўлиб қолган бўлса-да, аммо вақт кўрсаткичи ва ғалабага бўлган кураш бутун мусобақа давомида жамоалар ўртасидаги рақобатнинг кучайишини таъминлади.

Ҳар бир жамоа 5 км узунликдаги тўсиқлар майдонини икки маротаба босиб ўтиши ва беллашув шартидаги тўсиқлардан ўтиши керак бўлди. Тўсиқларни ўтишда хатоликка йўл қўйилган бўлса ёки нишонга талафот етказилмаса унда жамоалар жарима йўлаги бўйлаб қўшимча йўл босиб ўтишлари белгиланган. Майдонда ўрнатилган турли кўринишдаги техника ва пиёда қўшинларининг нишонлари маҳоратли мўлжалга олувчилар томонидан бирин кетин йўқ қилинди.

Ушбу мусобақада энг юқори натижалар билан Нукус гарнизонидан иштирок этган жамоа ғолибликни қўлга кирита олди. Машина командири кичик сержант Достон Лутфуллаев бошчилигидаги экипаж 25,36 дақиқа натижа кўрсатиб, биринчиликни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Эндиликда мазкур экипаж Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилиши режалаштирилган Жанговар машина биатлонида ҳарбий округ номидан қатнашиш учун ҳам йўлланмани қўлга киритди.

Шунингдек, айни кунларда “Нукус” полигонида танк командири капитан Ғайрат Гайназаров бошчилигидаги экипаж яна бир мусобақа – Танк биатлони бўйича Мудофаа вазирлигининг финал босқичига ҳам шиддат билан тайёргарлик кўрмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1