Наманганда Чуст дўпписи ва пичоқларига оид халқаро музей ташкил этилади

МАДАНИЯТ 21.07.2020, 20:41
Наманганда Чуст дўпписи ва пичоқларига оид халқаро музей ташкил этилади

Чуст дўппидўзлик маданияти ва пичоқчилик санъатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Чуст дўпписи” ва “Чуст пичоқлари”  халқаро музейлари ташкил қилинади. Бу ҳақда наманганлик журналист Азизбек Абдувалиев хабар берди.

Ҳозирда ушбу музейлар ҳамда “Чуст оши” марказини ташкил қилиш бўйича концепция ишлаб чиқилмоқда. Туман марказидан муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган ҳудуддан ер участкасини ажратиш масаласи ҳал этилмоқда. Республикада илк инновацион туризм масканларидан бири бўлиши кутилаётган ушбу мажмуани барпо этишга имтиёзли кредит ажратилади.  

Музейларни турли павильонларга ажратган ҳолда хориж мамлакатларининг бош кийимлари, Ўзбекистон ҳудудларидаги турли бош кийимлар ва пичоқлар, марказий павильонда Чуст дўпписининг ва пичоқларининг тарихи, тайёрлаш жараёни намойиш этилади ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилади.

Шунингдек, сайёҳларни тумандаги дўппидўзлар ва пичоқчи усталар маҳаллалари, “Мавлоно Лутфий” боғи, “Биби она” ва бошқа зиёратгоҳлар, “Тешиктош” манзили ва кузатув майдонига эга қоятошларга саёҳатларини уюштириш чоралари кўрилади.

Чуст туманидаги дўппидўзлик мактаби ва пичоқ ясаш санъатини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш юзасидан ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1