1

Президент «талон-торожлик ва коррупция авж олган» кадастр соҳаси бўйича йиғилиш ўтказди

СИЁСАТ 21.07.2020, 22:23
Президент «талон-торожлик ва коррупция авж олган» кадастр соҳаси бўйича йиғилиш ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги ўн кунда 16 нафар раҳбар ишдан бўшатилган, «талон-торожлик ва коррупция авж олган» кадастр соҳасига бағишлаб йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари тизимга рақамли технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Қайд этилишича, геодезия, картография ва кадастр соҳасида қатор муаммолар тўпланиб қолган.Мамлакатда ер хатлови охирги марта 40 йил олдин ўтказилган. Масалан, 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Буларнинг оқибатида соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган. 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгалланган, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгар бўлган.

Шу боис тизимни ислоҳ қилиш бошланди. Бугунги йиғилишда шу борадаги муҳим масалалар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев кадастр идораларининг энг асосий вазифаси ернинг ҳисоби ва балансини юритиш бўлиши кераклигини қайд этди. Йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади.

Шунингдек, сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди. Бу эса космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда қўл келади.

Қишлоқ хўжалигини бошқаришни рақамлаштириш, келгуси йилдан ер баланси ва унинг ҳисобини Миллий геоахборот тизимида юритиш зарурлиги қайд этилди. Йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги майдонларини электрон танлов ва аукцион асосида ажратиш тартибини жорий қилиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ер тоифаларини оптималлаштириш бўйича топшириқ берилди.

«Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг тупроқ сифатини баҳолаш, ерларни ривожлантириш, экинларни жойлаштириш билан боғлиқ вазифаларини, шунингдек, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиш таклифи билдирилди. Жаҳон банкидан ажратилаётган 87 миллион доллар ҳисобидан мазкур институт фаолиятини ривожлантириш, лабораторияларини янгилаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунигача 10 минг гектар ер майдонининг тупроқ таҳлилини ва агротехнологик хариталарини тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Соҳадаги яна бир камчилик — баъзи турдаги кадастрлар тўлиқ шаклланмаган. Масалан, автомобиль йўллари кадастри 23 фоиз, маданий мерос объектлари 32 фоиз, қувурлар 32 фоиз, шаҳарсозлик кадастри 63 фоиз шаклланган, холос. Шу боис IT-технологияларни ривожлантириш бўйича Бош вазир маслаҳатчисига ишчи гуруҳ тузиб, кадастрлар базасини тўлиқ ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда шаҳар ва қишлоқларда ернинг ҳақиқий қийматини аниқлаш ҳамда унинг бозорини шакллантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев соҳанинг кадрлар салоҳияти пастлиги, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси тизимидаги 27 фоиз ходимлар мутахассислиги соҳага тўғри келмаслигини қайд этди. Шу йўналишда хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш муҳимлиги, Италиянинг Пиза университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги таъкидланди.

Аввалроқ «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасида тозалаш ишлари бошлангани ҳақида хабар қилинган эди. Унга кщра, 10 июлда 7 нафар, 17 июлда эса 9 нафар раҳбар лавозимини суиистеъмол қилгани, ўз ишига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан ёндошиб тизим идораларида етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги ва энг асосийси халқнинг муаммоларига чуқур ўрганиб ечим топмагани учун ишдан бўшатилган.

Жумладан, 17 июль куни Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Шоманай, Тахтакўпир, Беруний, Элликқалъа тумани ва Нукус шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туман «Ермулккадастр» корхоналари раҳбар ва ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1