Ҳар биримиз мураккаб ва синовли даврни бошимиздан кечирмоқдамиз. Ҳозирги пандемия даврида ҳар ким ва ҳар қандай ташкилотнинг диққат марказида турган асосий масала – вирусга қарши самарали кураш олиб бориш. Айни кунларда фақат шифокорларгина эмас, ҳарбий хизматчилар ҳам, ИИБ ходимлари, турли вазирликлар ва ҳокимлик вакиллари, божхона, ЙПХ каби барча давлат органлари хизматчилари – барча инсонлар саломатлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган коронавирус инфекциясига қарши курашга отланган.
Бухоро вилоятида ҳам ҳар куни эрта тонгдан махсус йўриқномалар ўтказилган ҳолда, мутасадди идора вакилларидан иборат отрядлар ташкил этилиб, кундалик вазифалар белгилаб олинмоқда. Бу галги дезинфекциялаш ишларига 300га яқин шахсий таркиб жалб этилди. Бу ҳақда ФВВ расмий каналида хабар берилди.

Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Ички ишлар ва Мудофаа бошқармалари хизматчилари, санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимларидан иборат отрядлар 50га яқин махсус техникалар ёрдамида вилоят марказини хавфли вирусдан зарарсизлантириш ишларида фаол қатнашдилар. Тегишли соҳа вакиллари томонидан аҳоли гавжум кўчалар, кўп қаватли уйлар, давлат ва жамоат ташкилотларида махсус эритма ёрдамида кенг кўламда дезинфекциялаш ишлари олиб бориляпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шу куни махсус отрядлар томонидан барча туман ва шаҳарлар кесимида ҳам дезинфекциялаш тадбирлари давом эттирилмоқда.







