1

Сувни назорат қилиш ва ҳисобини онлайн тарзда юритиш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқишга кўрсатма берилди

СИЁСАТ 23.07.2020, 22:33
Сувни назорат қилиш ва ҳисобини онлайн тарзда юритиш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқишга кўрсатма берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 23 июль куни видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда қишлоқ ва сув хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Йиғилишда сувдан оқилона фойдаланиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Бу ҳақда Президент.уз маълум қилди.

Давлат раҳбарининг шу йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида бу борадаги барча жиҳатлар белгилаб берилган. Жумладан, каналларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш ҳамда 2 миллион гектарда сув тежовчи, шундан 600 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига йилига 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, рақамлаштириш ҳисобига электр энергияси сарфини 2 миллиард киловатт соатга қисқартириш каби кўрсаткичлар белгиланган.

Сув хўжалиги вазирлиги бу вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаши, халқаро экспертларни жалб қилиб, янгича услубда ишлаши зарурлиги таъкидланди. 2025 йилга қадар соҳани тўлиқ рақамлаштириш, жумладан, сувни назорат қилиш ва ҳисобини онлайн тарзда юритиш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Президент ғалла етиштириш якунларига тўхталиб, шундай мураккаб шароитда ҳам дала меҳнаткашлари омилкорлик билан 6 миллион 400 минг тоннадан ортиқ ғалла ҳосили етиштирганини таъкидлади. Бунинг учун барча фермер, деҳқон ва кластерларга халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

Видеоселекторда, шунингдек, ғўза парвариши бўйича агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳамда такрорий экинлар экиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

«Умуман олганда, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш ва соҳада бозор иқтисодиётини кенг жорий этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига, энг асосийси, халқимизнинг кайфияти ва турмуш тарзига таъсир кўрсатадиган жуда муҳим масала», – деди Шавкат Мирзиёев.

Соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар топшириқлар ижросини ташкил этиш, айтиб ўтилган камчиликларни бартараф қилиш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.

Йиғилиш сўнгида давлат раҳбари яна бир бор пандемия масаласига тўхталди.

«Яна бир марта халқимизга мурожаат қилиб, илтимос қилмоқчиман. Ўтган даврда жуда катта тажриба орттирдик. Кейинги пайтларда иқтисодиётимизни тиклаш учун карантин тартибини юмшатдик, лекин касалланганлар ва ўлимлар сони кўпайгани бизни, албатта, катта ташвишга солмоқда.

Ўзимизни, фарзандларимизни, азиз ота-оналаримизни асрайлик. Фақат ва фақат соғлиғимизни ўзимиз асраб, оила аъзоларимизни, қариндошларимизнинг соғлиғига огоҳ бўлиб, йиғинларни камайтириб, карантин нормаларига риоя қилсак, касалликни жиловлаб оламиз», деди давлат раҳбари. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1