“Сардоба” сув омборидаги фалокат натижасида биринчи ўринда талофат кўрган аҳоли турар жойларини таъмирлаш ва янгидан қуриш бўйича олиб бориш бўйича мамлакатимиз бўйлаб катта сафарбарлик ҳаракати бошланди. Бугунги кунга келиб кўплаб одамлар ўз қадрдон гўшаларига қайтмоқда, турмуш шароитларини ўнглаб, тўкис ҳаёт кечира бошламоқда. Тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида тез фурсатда барпо этилган уйлар ўз эгаларига тоширилмоқда.
Сув тошқинидан зарар кўрган Оқолтин туманидаги Шодлик, Учтом, Навбаҳор, Аҳиллик ва Саховат маҳалларида талофатдан кўп ўтмай биринчи галда аҳоли турар жойларни тиклаш бўйича кенг кўламда ишлар ташкил этилди. Сирдарёликларга кўмак қўлини чўзган Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан 5 мингга яқин малакали қурувчилар, 350 дан зиёд техника воситалари аҳоли хонадонларини таъмирлаш, тиклаш ва ижтимоий инфратузилмани янгилаш ишларига жалб этилди. Ҳозирда ушбу ҳудудларда замонавий қиёфада қад ростлаган 700 га яқин уй-жойларга аҳоли қайтмоқда, одамлар қадрдон гўшаларида янгидан ҳаёт бошламоқда.
– Сув омбори бузилиши натижасида бизнинг маҳалламизни ҳам сув босди. Биз бу ердан эвакуация қилиндик, бошқа жойга кетдик, – дейди Учтом маҳалласи Ат-Термизий кўчасида истиқомат қилаётган Адолат Юсупова. – Қайтиб келганимизда уйларимизни бошқача қиёфада кўрдик. Жудаям хурсанд бўлдик. Деворлари, поллари, эшиклари, ҳамма нарсаси янгиланган.
Уйларимиз олдида иссиқхоналар қуриб беришди, водопровод сувларини чиқариб беришди. Газ киргизиб беришди, хурсанд бўлдик.
Маиший техникаларни беришди. Телевизор, холодильник, кир ювиш машинаси каби техникалар жонимизга оро кирмоқда. Дам олишимиз учун сўрилар қуриб берди. Иситиш тизими йўқ эди, қуйиб беришди. Ҳар бир хонадонга қирқ миллиондан пул берди. Бу пулга маҳалламизда савдо дўкон очиб, тадбиркорлик қилмоқчимиз. Келинларим мана дазмолларни ишлатяпти, электр печларда нон, турли пишириқлар пишираяти, ҳамма техникаларидан унумли фойдаланаяпмиз.






