1

Суриядан ўзбек фуқароларининг қайтарилиши ҳақида ҳикоя қилувчи фильм суратга олинади

МАДАНИЯТ 26.07.2020, 20:51
Суриядан ўзбек фуқароларининг қайтарилиши ҳақида ҳикоя қилувчи фильм суратга олинади

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги бадиий кенгашида Суриядаги ўзбекистонлик аёллар ва болаларнинг ватанга қайтарилиши ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий фильм сценарийси тасдиқланди.

«Тутқунлик» номли ушбу фильм сценарийси Азамат Коржовов қаламига мансуб. Режиссёр – Рашид Маликов, фильм продюсери – Рустам Саъдиев ҳисобланади.

Картина 2019 йилда Сурия ва Ироқдан аёллар ва болаларни олиб келиш бўйича 2 марта ўтказилган «Меҳр» операцияси мавзусига бағишланади.

Рустам Саъдиевнинг сўзларига кўра, фильмда турлича сабаблар билан Сурияга бориб қолган инсонлар тақдири, оилалар тарихига асосий урғу берилади; воқеалар параллел ривожлана боради. Фильм қаҳрамонлари – ёш фельдшер йигит, эрини орқасидан боришга мажбур бўлган аёл, ота-онаси Сурияга олиб кетган 11 ёшли ўспирин йигитча кабилардир.

Айни кунларда «Барон-2» фильми устидаги ишларни якунлаш арафасида турган Рустам Саъдиевнинг айтишича, ҳозирда фильмни суратга олишга фаол тайёргарлик кўрилмоқда, актёрлар танлови бошланган.

Пандемия туфайли фильм тўлиқ Ўзбекистон ҳудудида суратга олиниши кутилмоқда. Асар устидаги ишлар 2021 йилнинг биринчи ярмида якунланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, «Меҳр» операцияси илк марта 2019 йил 30 май куни амалга оширилган, унда 156 нафар ўзбекистонлик – асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан махсус авиарейсда қайтариб олиб келинган эди.

«Меҳр-2» амалиёти эса 10 октябрда ташкил этилиб, Бағдоддан учган самолётда 64 нафар ўзбекистонлик бола ватанга қайтарилганди.

Ўтган йилнинг сентябрида «Меҳр» операцияси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1