Аҳолидан келиб тушган ушбу саволга АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда иштирок этган Республика Махсус комиссияси аъзоси Феруза Ҳамробоева томонидан қуйидагича жавоб қайтарилди:
- Республика махсус комиссияси томонидан ҳокимликларга ҳудудларда коронавирусга ихтисослашган шифохоналарни ташкил этиш, интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш, уларни зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармон билан таъминлаш ва Тошкент шаҳридаги тажриба асосида COVID-19 ҳамда пневмония билан касалланганларга дастлабки малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган «махсус поликлиникалар» ташкил этиш масалалари ечими юклатилди.
25 июль куни 6035-сон Президент фармони имзоланди, унга кўра, етишмаётган мутахассисларни тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, нафақадаги шифокорлар, ҳамда бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар ҳисобидан тўлдирилиши назарда тутилган.
Ундан ташқари, бошка тиббий олий таълим муассасалари тарафидан шифокорларни зарур бўлган мутахассисликлар, жумладан, анестезиолог-реаниматологлар, ўпка ва юрак қон-томир тизими касалликлари шифокорларини қайта тайёрлаш тизими бўйича ўқитилиши йўлга кўйилганлиги айниқса муҳим.






