Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 10 июлдаги 35-сон йиғилиш баёни 5-бандига асосан, жорий йилнинг 13 июль кунидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида мамлакатимиздаги барча ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва улар таркибидаги туман (шаҳар)лар ҳамда Тошкент шаҳрида жами 203 та Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари ташкил этилди. “Озиқ-овқат маҳсулотлари асосан кимларга берилади, юртимиздаги ҳар бир оила бу марказларга мурожаат қилиб ёрдам олиши мумкинми”, - деган саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот котиби Саодат Боймирзаева шундай жавоб берди:
— Бу ҳақида аввалги учрашувларимизда батафсил маълумот бериб ўтган бўлсакда, яна қайта тўхталиб ўтишимиз мумкин. Республика махсус комиссиясининг юқорида келтириб ўтилган 35-сонли йиғилиш баёнида қуйидаги эҳтиёжманд аҳоли тоифаларига ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб бериш назарда тутилган:
— таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали оилалар;
— ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларни қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаи бўлмаган оилалар;
— ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;
— ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;
— 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар ёки бева эрлар;
— ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;
— меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ улар ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган мавсумий ишчи ва зарур ёрдамга муҳтож оилалар.
Мазкур тоифага кирувчи ҳар бир юртдошимиз озиқ-овқат ёки дори-дармон маҳсулотлари олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Бу мурожаатларга асосан, уларга ўз вақтида зарур ижтимоий ёрдамлар етказиб берилади. Улар 1197 қисқа рақами ҳамда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар марказларида иш олиб бораётган “CALL CENTER” марказлари телефон рақамлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 71-203-01-21 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.






