“Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига кўра, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож “темир дафтар”га киритилган оилаларнинг рўйхатлари асосида 400 мингдан кўпроқ оилаларга давлат бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. 31 июль куни фармон мазмунини оммага етказиш мақсадида ташкил этилган онлайн мулоқот чоғида мутасаддилар тақдим этган маълумотлар барча учун фойдали бўлади деган умиддамиз.
АҲОЛИГА НИМА УЧУН ПУЛ ТАРҚАТИЛМОҚДА?
Акмалхон ОРТИҚОВ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари:
— "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан тарқатилаётган 200 млрд. сўм 150 мингта оилани қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бундан ташқари, президент ушбу фармони билан аъзолари 1,7 млн нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади ва бунинг учун 380 млрд. сўм йўналтирилади. Бу маблағ карантин даврида ишсиз, даромадсиз қолган аҳолининг тирикчилигини ўтказиши учун берилмоқда. Биз озиқ-овқат маҳсулотларининг бир кунлик меъёридан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилдик. Ҳисоб-китобларимиз асосида жон бошига 14 турдаги маҳсулот учун 220 минг сўмдан тўғри келиши маълум бўлди. Бир оилада 5 киши бўладиган бўлса, 1 млн 100 минг сўмдан тўғри келади.
КИМГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
— Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, бироқ қандайдир сабабга кўра эҳтиёжманд оилалар рўйхатига киритилмаган ёхуд рўйхатга кирган бўлса-да ёрдам олмаган фуқаролар биринчи навбатда ўзлари яшаётган маҳалланинг раисига мурожаат қилишлари керак. Агар маҳалла раиси фуқаронинг мурожаатига ҳеч қандай реакция билдирмаса, қониқарли жавоб бермаса, у ҳолда мазкур ҳудудга масъул бўлган сектор раҳбарига мурожаат қилиш керак.
“БАҲСЛИ ВАЗИЯТЛАРГА ЕЧИМ СИФАТИДА 50 МИЛЛИАРД СЎМ АЖРАТИЛГАН”
— Агарда ажратилган пул муҳтож оилалар рўйхатига киритилган кимларгадир етмай қоладиган бўлса ёки моддий кўмакка муҳтож бўлса-да, рўйхатга киритилмай қолган бўлса, уларга қўшимча равишда маблағ ажратиш кўзда тутилган. Эътибор қилинса, дастлаб айни мақсад учун “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ҳудудий бўлимларига 150 млрд сўм берилиши кўзда тутилган эди, бироқ президент фармони билан 200 млрд сўм ажратилди. 50 млрд сўм мана шундай баҳсли вазиятларга ечим сифатида ажратилган.
ЁРДАМ ПУЛЛАРИ ДАВОМИЙМИ?
— Президент фармони билан ажратилган ёрдам бир марталик бўлиб, кейинги ойларда ҳам эҳтиёжманд оилалар учун худди шундай моддий ёрдам ажратилиши кўзда тутилмаган.
ҚАЧОНГАЧА ТАРҚАТИЛАДИ?
— Бир марталик моддий ёрдам пулларини эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 2020 йил 15 августга қадар етказилади.
НЕГА НАҚД ПУЛ ТАРЗИДА ТАРҚАТИЛЯПТИ?
— Жойларда эҳтиёжманд аҳолининг ҳолидан хабар олиш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда озиқ-овқат тўплами ёки дори-дармон шаклида етказиб берилаётган моддий ёрдамни тарқатишда камчиликлар учраётгани, ҳамма масъуллар ҳам бу масалага виждон билан ёндашмаётгани учун Қурбон ҳайити арафасида ажратилган бир марталик моддий ёрдам пулларини эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилаларга нақд пул шаклида тарқатиш тўғрисида топшириқ бўлди. Чунки эҳтиёжманд оила, дейлик, томорқасида нимадир етиштираётган бўлса, биз маҳсулот шаклида олиб борган картошка-пиёзларимиз унга керак бўлмаслиги мумкин. Пулларни қайсидир бир идоранинг кичик ходими ёки кассирига ишониб топшириб қўйганмиз йўқ. Давлатнинг ваколатли одамларига ишониб топширилди бу пуллар. Ёрдам пуллари эга-эгасига етказилгани, ўрта йўлда кимлардир уларни ўзлаштириб юбормаслигини назорат қилиш ҳам тегишли органларга юклатилган. Жойлардаги сектор раҳбарлари кечадан бошлаб ўзига бириктирилган секторда яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг уйларига борган ҳолда пулларни алоҳида конвертларда тарқатишмоқда. Конвертларда оила бошлиғининг исм-шарифи ва ажратилган пул миқдори ёзиб қўйилган. Кимга қанча берилгани тўлов қайдномасида ҳам қайд этиб борилади, яъни икки ёқлама назорат тизими амалга оширилади.
ҲИСОБ-КИТОБ
Агар 580 миллиард сўм маблағ 220 минг сўмдан тарқатилса, 2 миллион 600 мингдан ортиқ мамлакат аҳолисига етказилар экан. Бу эса 34 миллионли Ўзбекистон аҳолисининг 7 фоиздан ортиғи демакдир. Бу ҳам улкан бир ташаббус эканлигини англашимиз лозим!
Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади






