Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати коронавирус асоратларидан вафот этган пойтахтлик икки нафар бемор ҳақида маълумот берди.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Қ.Н. (эркак)да “COVID-19” инфекцияси 20 июль тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Унга “COVID-19”нинг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.
Муолажаларга қарамай, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 64 ёшли яна бир бемор А.Т. (эркак)да эса "COVID-19" 25 июль куни тасдиқланган. У ҳам Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли ётқизилган.
Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ҳамда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 3-даражаси ва семизликнинг ҳам 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.
Аммо бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.






