АсосийJamiyat

Шундай оғир шароитда нима учун улар четда туришлари керак? — Президент маҳалла идоралари ҳақида

'Шундай оғир шароитда нима учун улар четда туришлари керак? — Президент маҳалла идоралари ҳақида'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, айни дақиқаларда Президент Шавкат Мирзиёев навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. Тадбирда бугун Ўзбекистон бўйлаб коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинмоқда.

Йиғилишда касалликнинг олдини олиш, коронавирусга шубҳа бўлган фуқароларни шифохоналарга етказиш, карантин талабларини тушунтириш ва бу жараёнда жамоатчилик назоратини амалга оширишда жойларда маҳалла идораларининг иштирокини кескин кучайтириш кераклиги уқтирилди.

Чунки халқимиз турли хил масалаларда биринчи навбатда маҳаллага мурожаат қилишга ўрганган.

– Республика бўйича 9 минг 150 та маҳаллада қарийб 40 минг одам бюджетдан ойлик олиб ишлайди, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. – Уларнинг ойликларини ҳам жорий йилда қарийб 1,5 баробарга ошириб бердик. Шундай оғир шароитда нима учун улар четда туришлари керак? Ўз аҳолисининг аҳволидан яхши хабардор бўлган, қайси хонадонда қандай бемор борлигини, кимнинг яшаш шароити қандайлигини, ким ёрдамга, ким врачга муҳтожлигини улардан яхши биладиган бошқа одамнинг ўзи йўқ пастки тизимда.

Бунинг учун ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ҳар бир маҳаллада маҳалла раислари, профилактика инспектори ва бошқа ходимлар, маҳалла фаоллари ва нуронийлар,  маҳаллаларга бириктирилган тиббиёт муассасалари ходимларини бирлаштириб, ўз ҳудудидаги аҳоли, айниқса кексалар ҳолидан кунига хабар олиш, коронавирусга шубҳа бўлган ва касалликка чалинганларни тез тиббий ёрдам хизмати ва шифокорлар билан боғлашни ташкил этишга бош-қош бўлишлари шартлиги тайинланди.

Шунингдек, улар ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат, уйда даволанишга тавсия қилинган беморларга дори-дармон етказиб бериш ишларида фаол иштирок этишлари лозим.

– Бунга қўшимча равишда, улар маҳалла ҳудудида аҳолининг зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслиги ва тўпланмаслиги, тиббий маска тақиб юриши ва ижтимоий масофани сақлаши, тўй ва тадбирларни вақтинча ўтказмаслиги каби мажбурий  талабларни доимий тушунтириши ва жамоатчилик назоратини амалга оширишлари шарт ва зарур, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга доир:

Президент Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга муҳим топшириқ берди

Кичик шифохоналар ўз профилига мувофиқ бошқа турдаги касалларни даволашга қайтарилади — Президент

Бир ҳафта муддатда вакцинани харид қилиш ва аҳолини эмлаш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди

    Бошқа янгиликлар