Тўйгача бўлган даврда югур-югурлар кўп бўлгани боис келин ва куёвларни иммунитети тушиб кетади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Убайдуллаева “Shifobaxshuz” каналига маълум қилди.
Барно Убайдуллаеванинг айтишича, ҳозирги пандемия шароитида келин ва куёвлар ўзларига жуда эътиборли бўлиши лозим.
«Улар тўй қачон бўлиш муддатини билади, кап-катта инсонлар. Карантин эълон қилинган вақтдан буён асосий учта талаб: санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, ниқоблар тақиш айтиб келинмоқда. Мана шу учтагина қоидага жиддий эътибор берилса, вирус юқтириш эҳтимоли жуда камаяди. Буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти исботлаб берди», – деди мутахассис.
Унинг алоҳида таъкидлашича, тўйгача келин ва куёвда югур-югурлар кўп бўлгани боис вақтида овқатланмаслик, вақтида ухламаслик натижасида уларнинг иммунитети тушиб кетади. Бу эса вирус юқиши ва оғир кечишини оширади.
«Шунинг учун улар кун тартибини тўғри тузиши – ўз вақтида овқатланиши ва дам олиши фойдали. Шунингдек, ортиқча учрашувлардан ўзларини сақлаб туриши керак. Чунки бир-бирини саломатлигини – келин тушаётган оилани, куёв эса куёв бўлаётган оилани саломатлиги ўйлашга мажбур. Ҳозирги фақат ўзимизни эмас, бошқаларни ҳам саломатлигини ўйлайдиган вақт», – деди штаб аъзоси.
Ўзбекчиликда ёши катта инсонлар маросимларда бош бўлиб туради, икки ёшга кекса отахон ва онахонларимиз дуо беради.
Барно Убайдуллаева тўй қилаётган инсонларнинг яқин қариндоши бўлмаган, хавф гуруҳида бўлган ёши катталарни тўй ва маросимларга вақтинчалик бормай туришни маслаҳат берди.
«Тўйлар ва катта маросимларни биламиз – ҳар хил тоифадаги, хар хил ёшдаги инсонлар келади. Улар билан муомила қилишга мажбур бўлинади ва бунда вирус юқтириш даражаси ошади. Шунча вақт ёши улуғларни уйдан чиқармай, асраб-авайлаб келдик. Ҳали шошилмаслигимиз зарур, биз ҳали ҳам пандемия даврида яшаяпмиз», – дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун: Келин ва куёвларга тўйдан аввал коронавирусга тест топшириши қўшимча ҳимоя бўлиши мумкин, лекин бу ҳам 100 фоизлик аниқлик бермайди.






