“Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, аҳоли бандлигини таъминлаш учун 2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинади.
Алоҳида маъмурий-бошқарув тизими доирасида, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси (Дирекция) директори лавозимини эгаллайди, шунингдек, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Шунингдек, туман ҳокими тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилади.
Фармон билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилди. Жамғармага 10 миллиард сўмгача бўлган маблағлар ажратилади.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- туманда лицензия ва рухсатнома беришдан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жаримадан республика ва вилоят маҳаллий бюджетига тушадиган маблағлар ва божлар тўлиқлигича туман маҳаллий бюджетига;
- туман ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш харажатларидан ташқари), шунингдек, ер участкаларини реализация қилишдан тушадиган маблағлар тўлиқ Жамғармага йўналтирилади.
Шунингдек, туманда амалга ошириладиган ислоҳотларни мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг таркибида Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш шўъбаси ташкил қилинади.
Бош прокуратура тизимида Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ҳамда ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилади.
️Туман ҳудудида атроф-муҳитни ифлослантирадиган зарарли саноат корхоналарини барпо этиш қатъиян ман этилади.






