Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, Чироқчи туманидаги Умакай постида навбатчилик қилган шифокорлар фаолиятига доир “Тиббиёт ходимлари: “Кечаю кундуз постда навбатчилик қилдик, лекин иш ҳақимиз тўлаб берилмади” сарлавҳали мурожаат мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ўрганилиб, қуйидагилар аниқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2020 йил 28 мартдаги буйруғи билан Умакай постида навбатчилик қилиш учун мурожаатда исм-фамилиялари кўрсатилган тиббиёт ходимлари жалб этилган.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Умакай тез тиббий ёрдам шохобчаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Амир Рўзиев апрель, май, июнь ва июль ойлари 6 фоизлик қўшимча рағбатлантириш тўловлари учун табелларни ўз вақтида тақдим этмаган. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Толмас Тошпўлатов мазкур тўловлар тўланишини назорат қилмаган. Ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари учун А.Рўзиев ва Т.Тошпўлатовга туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан ҳайфсан берилди.
Ўрганиш якунида, жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 апрелдаги ПҚ-4695-сонли қарорига асосан Умакай постида навбатчилик қилган ходимлар А.Рўзиев, Т.Файзуллаев, Ш.Алиев, Б.Маматов, Х.Мустафоев, А.Маманов, Э.Хўжановга жами 10 169 019 сўмлик рағбатлантириш тўловлари тўлаб берилди.






