АсосийJamiyat

Алишер Шодмонов: Мактабларни эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ

'Алишер Шодмонов: Мактабларни эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида мактабларда 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Вазир пандемия шароитида маҳаллий ҳокимликлар, тиббиёт ва таълим муассасалари олдида турган долзарб муаммоларни санаб, уларнинг ечимларига тўхталиб ўтди.  Мисол учун, мамлакатимиздаги мавжуд 9 942 та мактабнинг барчаси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан бу муаммо ҳал этилиши муҳимлиги таъкидланди.  

— Таълим муассасаларида тозалик ва озодаликни сақлаш, дезинфекция ишларига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳим бўлган масалалардан бири, — деди Алишер Шадманов. — Бу учун санитария хизмати марказлари шу йилнинг 5 сентябрига қадар ўз худудларидаги ўқув даргоҳларини тайёргарлик ҳолатини ўрганиб, мактаб жамоасини текширувчи бўлиб эмас, балки уларга  ҳар жиҳатдан амалий  кўмак бериб, дарс жараёнларида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш борасида тренинг ва репетициялар ўтказиши зарур. 480 минг нафардан ортиқ ўқитувчи фаолият кўрсатадиган ва 6,2 миллион нафардан ошиқ ўқувчи таҳсил оладиган таълим муассасаларини эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ, — деб сўзини давом эттирди Соғлиқни сақлаш вазири.

Йиғилишда, шунингдек, таълим муассасаларининг 1 057 тасида тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги, тиббиёт хоналари ва изоляторларни ташкил этишда маҳаллий ҳокимликлар ва халқ таълими мутасаддиларига тиббиёт ходимлари ўз тавсиялари ва кўрсатмалари билан яқиндан ёрдам бериши айтилди.

Бундан ташқари, мактаб ошхоналарининг ҳолати, уларнинг санитария талабларига жавоб бериши зарурлиги, сифатига шубҳа қилинган овқатларни муассаса ҳудудига киритиш ва ноқонуний савдонинг олдини олиш кераклиги, кўп мактабларда ҳожатхоналарнинг ҳам гигиена талабларига жавоб бермаслиги каби қатор муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.  

    Бошқа янгиликлар