Олтин водий аҳлига кўп йиллик кутилган байрам туҳфаси тақдим этилди.
Бугун, 30 август куни соат 9:00 да Наманган – Aндижон – Марғилон – Қўқон электрлаштирилган ҳалқа темир йўлининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Aхборот-таҳлилий медиа маркази хабар берди.
Ушбу тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" аксиядорлик жамияти раиси в.б. Х.Ҳосилов ҳамда тизимдаги қатор корхона-ташкилотлар раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари, шунингдек, меҳнат фаҳрийлари, Наманган шаҳар ҳокими ва ОAВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари электрлаштирилган ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракатини бошлаган дастлабки электропоезднинг илк йўловчилари бўлишди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти қурувчи-мутахассислари Фарғона водийсидаги ҳалқа темир йўлини электрлаштириш лойиҳасининг учинчи босқичи бўлган 100,6 километр масофага эга Наманган – Андижон темир йўлида электрлаштириш ишларини тугатишди.
Натижада умумий узунлиги 331,6 километрлик водий ҳалқа темир йўли тўлиқ электрлаштирилиб, юк ва йўловчи электропоездларининг ҳаракатига имконият яратилди. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз темирйўлчилари томонидан водий темир йўлларини тўлиқ электрлаштириш орқали юк ва йўловчи ташиш сифатини ошириш, тезюрар поездлар қатновини шакллантириш ҳамда дизель ёқилғисида ҳаракатланаётган тепловозлар ўрнини замонавий электровозларга алмаштириш мақсадида электрлаштиришга катта аҳамият қаратилди.
Юртимизнинг шарқий қисмидаги уч вилоятни (Наманган, Андижон ва Фарғона) темир йўл орқали боғлаган ушбу ҳалқа темир йўлини электрлаштириш ишлари белгиланган режага кўра босқичма-босқич сифатли ва ишончли бажарилди. Биринчи босқичда дастлабки электрлаштириш ишлари Поп шаҳридан бошланиб, Қўқон, Марғилон, Асака ҳамда Андижон ҳудудларигача бўлган йўналишларда темирйўлчи-энергетиклар томонидан электрлаштириш ишлари сифатли амалга оширилди. Ушбу участканинг узунлиги 186 километрни ташкил этиб, 2016 йилда фойдаланишга топширилган.
2019 йил иккинчи босқичда узунлиги 45 километр бўлган Поп – Чуст – Тўрақўрғон – Раустон -Наманган оралиғида электрлаштириш ишлари бажарилган эди. Ва ниҳоят сўнгги учинчи босқичда Наманган – Андижон участкасини электрлаштириш ишлари жадал суратларда олиб борилиб, қисқа фурсатда якунига етказилди. Мазкур йўналишнинг узунлиги 100,6 километрни ташкил этади. Сўнгги босқичда бажарилган сифатли ишлар натижасида водий ҳалқа темир йўли тўлиқ электрлаштирилди.
Келгусида “Поп – Наманган – Андижон” участкасида контакт тармоғига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Франция давлатидан замонавий 2 та дрезина ва 2 та махсус хизмат автомашиналари келтирилди.
2020 йилнинг 30 август куни эрта тонгда водий ҳалқа темир йўли бўйлаб дастлабки йўловчи электропоездининг янги барпо этилган Наманган темир йўл вокзалидан дастлабки ҳаракати йўлга қўйилди. Ушбу йўналишдаги поездларнинг доимий қатнови Қўқондан ҳаракатланиб, Поп, Наманган, Андижон ҳамда Марғилон вокзалларидан ўтиб яна Қўқон вокзалига келади.