Жорий йилнинг 30 август куни соат 00:30 ларда, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчасида жойлашган “Ялпиз” кафеси қаршисида 1989 йилда туғилган ҳайдовчи Д.Т. “Нексия-3” автомобиль ёритиш чироқларини ўчириб, тезлигини меъёридан ошириб, маст ҳолда бошқариб кетаётиб, ЙТҲ содир этган.
ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизматининг хабарига кўра, маст ҳайдовчи кўприкка тушиш жойида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли ўрнатилган тўсиқли темир панжарани уриб ўтиб, “Кўприк таъмирлаш” бошқармаси ишчисини уриб юборган.
Натижада, пиёда 1994 йилда туғилган А.Н. олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ ЙҲХББ барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини маст ҳолда бошқармасликларини, тезлик меъёрига амал қилишларини, пиёдаларга эътиборли бўлишларини сўрамоқда.






