АсосийЖАМИЯТ

Қашқадарёлик таниқли журналист вафот этди

Таниқли журналист ва тарихчи ёзувчи, кўплаб ёшларнинг меҳрибон устози, меҳнат фахрийси Мўм...

'Қашқадарёлик таниқли журналист вафот этди'ning rasmi

Таниқли журналист ва тарихчи ёзувчи, кўплаб ёшларнинг меҳрибон устози, меҳнат фахрийси Мўмин Азизов 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий телеграм каналида хабар қилинди. 

Ҳалол меҳнати билан эл–юртга танилган, қалам аҳли орасида ҳақиқат даракчиси номини олган журналист ва тарихчи Мўмин Азизов 78 ёшида бандаликни бажо келтирди. Мўмин ака 1942 йилнинг 2 мартида Яккабоғ туманида таваллуд топди. 1949-1959 йиллар собиқ Деҳлавий номли ҳозирги 4-сонли мактабни аъло баҳоларда тугатиб, ҳужжатларини сиртдан ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетига топширди. Сиртдан ўқиш билан бирга вилоятдаги “Қашқадарё ҳақиқати” рўзномасида фаолият олиб борди. У кишининг журналистикадаги кейинги фаолияти ўзи учун қадрдон “Шаҳрисабз тонги” ҳозирги “Кеш” таҳририяти билан боғлиқ. Ушбу газетага муҳаррир ўринбосари бўлган йиллари сиёсий-ижтимоий мавзуларда кўпроқ қалам тебратди. Газетачиликда 15 йил давомида тўплаган тажриба раҳматли Мўмин Азизовнинг кейинги масъул вазифалардаги фаолиятида асқотди. 1981 йили май ойидан 1996 йил мартигача у киши фирқа, ҳокимият, халқ назорати органларида турли лавозимларда самарали ишлади.

Мўмин Азизов уша оғир, қалтис йилларда ҳам журналистга хос одилона иш тутишга интилди. Нафақага чиққанларига қадар олти йил консерва ҳиссадорлик жамиятида касаба уюшма қўмитасини бошқарди. Бу вазифада ҳам у киши доимо адолат, бутун жамоанинг манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб иш кўрди. Фидойи ва заҳматкаш ижодкор қаерда меҳнат қилмасин севган касби журналистика билан алоқани узмади 1995 йилдан у киши Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси туман кенгашининг биринчи котиби лавозимида ҳам фаолият олиб бориб партия дастурини кенг тарғиб этишда бор билим ва маҳоратини ишга солди. Умрларининг сўнгги кунига қадар ўз касбига содиқ қолди. У киши ижод қилишдан асло чарчамади. Қадимий ва ҳамиша навқирон Шаҳрисабз шаҳрининг ўтмиши, аждодларимиз хотираси, улар қолдирган маънавий меросни ёшларга етказиш мақсадида “Кешнинг машҳур сиймолари”, “Буюклик йўли”, “Қашқа осмонида қўш юлдуз”, ”Оламшумул сиймо”, тарихий асарларини яратди. Республикамиз, вилоят, туман рўзномаларида у кишининг қатор туркум мақолалари чоп этилди. Меҳнат фахрийси кўкрак нишони, йилнинг энг фаол журналисти, қатор танловлар ғолиби, ўткир қалам соҳиби иқтидорли журналист камтарин устоз Мўмин Азизовнинг ёрқин хотираси шаҳрисабзликлар қалбида мангу яшайди.

Марҳумнинг оила аъзолари, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

    Бошқа янгиликлар