Маданият вазирлигининг хабар беришича, Юнус ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти жорий йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди. Шу муносабат билан бўлажак мақом ижрочилари мазкур олий ўқув юртига кириш учун касбий (ижодий) имтиҳон топширмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков имтиҳон ўтказиш учун белгиланган объектларда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши, кузатув камералари ўрнатилганлиги ва имтиҳонларнинг шаффоф, ошкора ва адолатли ўтказилаётганлиги билан танишиш мақсадида институтга ташриф буюрди.
- Мусиқий саводхонлиги бўлган ҳақиқий иқтидор эгаларини танлаб олиш мақсадга мувофиқ. Чунки, биз сўнгги 4-5 йил муддат ичида ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиб, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилишда ўз ҳиссасини қўша оладиган мақомшунос ва моҳир мақом ижрочиларини тайёрлашимиз лозим,- деди Маданият вазири.
Эслатиб ўтамиз жорий йил мазкур институтда таълим олиш истагини билдирган абитуриентлар сони 448 нафарни ташкил этиб, шундан 74 нафар энг иқтидорлилари олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинади.







