АсосийЖАМИЯТ

Коронавирусга қарши курашган оқ халатли фаришталар иш жараёнидаги воқеалар ҳақида сўзлаб берди

Мана, орадан ойлар ўтишига қарамай, ҳамон пандемиянинг шашти пасайгани йўқ, касалланиш кўр...

'Коронавирусга қарши курашган оқ халатли фаришталар иш жараёнидаги воқеалар ҳақида сўзлаб берди'ning rasmi

Мана, орадан ойлар ўтишига қарамай, ҳамон пандемиянинг шашти пасайгани йўқ, касалланиш кўрсаткичи ошиб бормоқда. Шу билан бирга, бу хасталикдан шифо топиб соғлом ҳаётга қайтаётганлар ҳам анчагина. Бунинг замирида оқ халатли нажот фаришталари – тиббиёт ходимларининг ҳиссаси беқиёс. 

Шавкат Мирзиёев: "Дунёда икки соҳа вакиллари ўз касбига садоқат борасида қасамёд қабул қилади: булар – Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийлар ва инсон саломатлигига масъул шифокорлар. Бунинг бежиз эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Муқаддас қасамёдига содиқ бўлган шифокорларимиз ҳозирги мураккаб вазиятда, керак бўлса, азиз жонларини фидо қилиб, қаҳрамонларча меҳнат қилмоқдалар".

Шундай ҳамширалардан бир гуруҳи ушбу касаллик ҳақидаги қарашлари, беморлар билан ишлаш жараёнида орттирган тажриба ва таассуротлари, руҳий кечинмалари хусусида қисқача сўзлаб беришди, дея ССВ матбуот котиби ёзмоқда.

Нодира Илёсова, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси реанимация бўлими ҳамшираси.

Нодира Илёсова, 

Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси реанимация бўлими ҳамшираси:

– Юқумли касалликларга қарши курашиш соҳасида 11 йиллик тажрибам бор. Бизнинг клиникамиз жорий йил 1 апрелдан беморларни қабул қила бошлади. Унгача ҳам бу касалликка чалинган беморларни қабул қилиб, кўрикдан ўтказиб, касаллик аниқланганларни Республика вирусология илмий текшириш институти клиникасига йўналтириб турдик.

Бир реанимация бўлимида 4 нафар ҳамшира ишладик. ҳар олти соатда навбат алмашиб турдик. Махсус либосларимизни стерил муҳитга чиққандагина ечишимиз мумкин эди. Ишлаб тажриба орттирганим сайин ўзимга ишончим кучая борди. Тиббиёт ходими агар белгиланган санитария қоида ва меъёрларига қатъий риоя этса, касалликдан ҳимояланиш ва бемор саломатлигини тиклаш орқали ишда катта натижага эришиши мумкин экан. 

~~~~~~~~~~~~~~~~~~~

Назокат Абдураҳмонова, Хива туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими навбатчи ҳамшираси.

Назокат Абдураҳмонова,

Хива туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими навбатчи ҳамшираси:

–Туманимиздан тўрт киши – бир нафар врач, икки нафар ҳамшира ва бир нафар кичик тиббий ходим вилоят Эндокринология диспансерида қарийб бир ой фаолият юритдик. Беморларнинг барчаси хорижда касаллик юқтириб қайтган юртдошларимиз эди. 

Беморлар тиббий муолажалар билан бир қаторда руҳий кўмакка катта эҳтиёж сезарди. Шундай вазиятда уларга тиргак бўла олганим – менинг бахтим. Иш фаолиятим якунлангач, карантин муддатини ўтадим. Қарийб бир ой мобайнида “COVID-19”га қарши кураш жараёнида орттирган тажрибам мени бугун ишга бошқача назар, янгича тафаккур билан қарашга ундаяпти. 

~~~~~~~~~~~~~~~~~~~

Севара Шокирова, Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси реанимация бўлими ҳамшираси.

Севара Шокирова,

Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси реанимация бўлими ҳамшираси:

– Вирусология илмий текшириш институти клиникасида реанимация бўлимида оғир беморларни парвариш қилишда кўмаклашдим. Беморлардан бири бўлмиш катта ёшли отахонда қандли диабет, хафақон касаллиги бор эди. Уни бир неча кун сунъий нафас бериш аппаратига улаб қўйишди. Малакали олимлар ва шифокорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли беморнинг аҳволи ўнгланиб, шифо топиб, оиласи бағрига қайтди. Шундай лаҳзаларда беморнинг ва унинг яқинлари қувончини кўриш қанчалик қувончли эканини сўз билан ифодалаб беролмайман. 

Жимжимадор сўзлашни билмайману, лекин у ерда ўтган кунларим менга яшашнинг асл мазмунини англашга, касбимдан фахр туйишга туртки берди. Одамларга, айниқса, беморларга ёрдам қўлини чўзиш асл бахт эканини англадим.

~~~~~~~~~~~~~~~~~~~

Фарида РАЖАБОВА, Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази неврология бўлими ҳамшираси.

Фарида РАЖАБОВА,

Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази неврология бўлими ҳамшираси:

– Бизнинг шифо муассасамиз жорий йил 8 апрелдан карантинга ёпилиб, коронавирусга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилди. Бу ерда чартер рейс билан Россиядан келтирилган юртдошларимиз орасидан ушбу инфекция аниқланган беморларни даволадик. Эллик нафардан кўпроқ ҳамширалар навбат асосида беморларни парвариш қилдик. 

Кўп ҳолатларда беморларни касалликдан кўра руҳий тушкунлик қийнарди. Улар билан алоҳида-алоҳида ишлашга тўғри келди. Ҳар бирида касалликдан тузалишга ишонч уйғотиш учун бор маҳоратимизни ишга солдик ва бунга эришдик. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
 

    Бошқа янгиликлар