АсосийJamiyat

Болаларга хато ёзишни ўргатаётган ўқув-дафтари савдо расталаридан олиб ташланди

'Болаларга хато ёзишни ўргатаётган ўқув-дафтари савдо расталаридан олиб ташланди'ning rasmi

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун 2019 йилда “Ижод-пресс” нашриёти томонидан тайёрланиб, “Дизайн-Принт” МЧЖ матбаа корхонасида чоп этилган “Весёлые прописи” ёзув дафтарида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар, турли танқидий фикрлар билдирилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, умумтаълим мактаблари ўқувчиларига мўлжалланган ушбу ўқув-дафтарини нашр этиш жараёнида “Ижод-пресс” нашриёти муҳаррирлари ва мусаҳҳиҳлари томонидан жиддий хатога йўл қўйилган. Яъни дафтарнинг сарлавҳасида “Весёлые прописи” сўзи “Весёлый прописи” шаклида, ички саҳифасининг 3-бетида “бегемот” сўзи “бегемод” тарзида хато билан нашр этилган.

Қайд этиш жоизки, ушбу ҳолатда нашриёт томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари талаблари бузилган.

АОКА масъул ходимлари ушбу ҳолат юзасидан “Дизайн Принт” МЧЖ матбаа корхонаси директори Шерзод Ҳошимов билан боғланди ва ҳолатга аниқлик киритди.  Маълум бўлишича, мазкур ўқув-дафтари 2019 йил февраль ойида нашр этилиб, сотувга чиқарилган, лекин ўқув-дафтаридаги хато ва камчиликлар аниқлангач, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўқув-дафтарининг сотувга чиқарилган қисми тўлиқ қайтариб олинган. Бугунги кунда ушбу ўқув-дафтари савдо расталарида мавжуд эмас. 

    Бошқа янгиликлар