Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Аксарият мансабдор шахслар бу атаманинг моҳиятини англаб етмасдан ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказадиган, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келадиган ва бошқа салбий ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб келишмоқда, дейди Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Ж.Каримов.
2020 йил 28 июль куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана тумани судининг очиқ суд мажлисида Хатирчи тумани
62-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаган Ризаев Анварга (шахси ўзгартирилган) нисбатан бўлган жиноят иши кўриб чиқилди.
А.Ризаев мактабнинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилиш, педагог ходимларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, тегишли малака ва компетенцияларга эга ходимларни танлаш ва жойлаштириш, кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда ижро, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомига риоя қилинишини таъминлаш каби ваколатга эга маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган давлат органи мансабдор шахси ҳисобланади.
Шундай бўлсада, ўзи раҳбарлик қилиб келаётган мактабда котиба вазифасида ишлаб келаётган Ф.Султоновани штат бирлиги кадрлар бўйича менежерга ўзгартирганидан фойдаланиб, уни 03.02.2020 йилда иш ўрни қисқарганлиги ва бошқа иш ўрни мавжуд эмаслиги важи билан у билан тузилган меҳнат шартномаси 01.03.2020 йилдан бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати беради.
Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасига кўра меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуққа эга. Буни яхши билган директор уни пора беришидан умидвор бўлган.
Шундан сўнг, мазкур мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Ў.Султонов Х.Қучқоровга турмуш ўртоғи Ф.Султонова билан янги меҳнат шартномаси имзолаш ва ишда қолдиришни сўраб мурожаат қилганидан фойдаланиб, қонунга хилоф эканлигини билгани ҳолда Ф.Султоновани мактабнинг кадрлар бўйича менежер вазифасига ишга қабул қилиш учун Ў.Султоновдан тамагирлик йўли билан 200 АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилади.
Сўнг ундан кимёвий ишлов берилган 1 млн. 200 минг сўм пулларни 2020 йил 08 май куни соат 17:00 ларда ўзининг хизмат хонасида олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланади.
Суд, А.Ризаев айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймондалигини, шахсини, ёшини, оилавий шароитини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45,57-моддалари тартибида 2 йил муддатга ҳалқ таълими соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.






