ЙПХ инспекторларига бўйсунмай ўзи ва ўзгалар ҳаётига хавф солиб транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчи 6 суткага қамалди Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Воқеа 2020 йилнинг 3 сентябрида соат тахминан 23:45 ларда содир бўлган. Самарқанд шаҳар “Қўшҳовуз” кўчасида яшовчи, 2001 йилда туғилган Н.Тошпўлатов Самарқанд шаҳар “М.Улуғбек” кўчаси бўйлаб ўзига тегишли Нексия-2 русумли автомашинани бошқариб келаётган вақтида Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори томонидан унга тўхташ ишораси берилган.
Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмай, ҳаракатни давом эттиради.
Шубҳали бўлган ушбу транспорт воситасига Самарқанд шаҳар “Беруний” ва “М.Улуғбек” кўчалари чоррахасида хизмат ўтаётган ЙПХ инспектори томонидан ҳам тўхташ ишораси берилишига қарамасдан, ҳайдовчи яна ЙПХ инспекторларининг талабини бажармасдан кескин ҳаракатланишда давом этади.
Ҳайдовчининг шахсига тезкорлик билан аниқлик киритилди ва қўлга олинди.
Унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194, 195-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Самарқанд шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судига юборилди.
Самарқанд шаҳар Маъмурий ишлар бўйича суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан олти сутка маъмурий тартибда қамоқ жазоси тайинланди.






