Бугун, 4 сентябрь куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига кириш ижодий имтиҳонлари ўтказилди. Бу ҳақда институт рамий сайти маълум қилди.
Енгил саноат технологияси ва дизайн факультетининг костюм дизайни ва пойабзал, аксессуарлар дизайни йўналишларига 50 ўрин учун 576 нафар талабгор ҳужжат топширган.
Ижодий имтиҳоннинг иккинчи кунида 186 нафар абитуриент келиши белгилаб қўйилган эди. Уларнинг 37 нафари имтиҳонларга келмаган. Касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра имтиҳонга келолмаган абитуриентларга синовлар тўлиқ якунлангач, қайта имтиҳон ўтказилади.
Институтдаги синовлар ўтказилаётган 7 та аудиторияга камералар ўрнатилиб, жараёнлар институт сайти орқали тўғридан-тўғри кўрсатилмоқда.
Ижодий имтиҳонлар шу йилнинг 9 сентябрь кунига қадар давом этади.
Маълумот учун, 2020-2021 ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига кундузги ва сиртқи таълим шаклларида 12 та бакалавриат таълим йўналишига 1250 нафар талаба қабул қилинади. Қабул кўрсаткичлари сўнгги уч йил ичида уч баробарга ортган.






