Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 2 сентябрь куни ажабтовур ўғирлик содир бўлди. Яъни жарима майдончасига жойлаштирилган мотоциклни ўғри уриб кетди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматига таяниб iiv.uz хабар берди.
Хабарда айтилишича Ўзбекистон туманининг Жангир қишлоғида жойлашган жарималар майдончасидан соат эрталабки 4.00 да С.Ж. исмли фуқаро Қ.А.га тегишли бўлган давлат рақамсиз “Ява” русумли мотоциклни олиб қочган. У мотоциклни Қўқон–Яйпан йўлида етаклаб бораётган вақтида, ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган Ўзбекистон тумани ИИБ ХПБ профилактика инспекторлари томонидан тўхтатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “г” банди билан (транспорт воситасини олиб қочиш) жиноят иши қўзғатилиб, айбдорга нисбатан суд томонидан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.






