Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Тез ёрдам ҳамширалари: бир марталик мукофот пули нега тўлиқ берилмади?” сарлавҳали хабарда Ғузор тумани тез тиббий ёрдам бўлими ҳамширалари Қурбон ҳайити муносабати билан бериладиган бир марталик рағбат пулини тўлиқ олмаганликларини қайд этишган эди.
Мазкур мурожаат бўйича Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
" - Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 июлдаги 458-сон қарори билан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашга жалб этилган тез тиббий ёрдам ходимлари (врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар) Қурбон ҳайити муносабати билан бир марталик моддий рағбатлантирилган эди.
Бир марталик рағбатлантириш адолат нуқтаи назардан тўғри бўлсин деб, у ставкадан келиб чиқиб берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 4 августдаги тегишли кўрсатма хатига асосан врачларга 1 ставка учун 5 миллион, 0,75 ставка учун 3 миллион 750 минг, 0,5 ставка учун 2 миллион 500 минг сўм, ўрта тиббиёт ходимлари, хусусан, тез ёрдам ҳамшираларига навбатчилик соатларини ҳисоблаган ҳолда 1 ставка учун 4 миллион, 0,75 ставка учун 3 миллион сўм, 0,5 ставка учун 2 миллион сўм, 0,25 ставка учун 1 миллион сўмдан рағбат тўловлари амалга оширилган.
Бу борада тез ёрдам ҳамшираларига яна бир марта тушунтириш берилди," - дейилади ахборот хизмати муносабатида.






