Бугун 8 сентябрь куни Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида”ги масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда Қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлатобод тумани таркибига Наманган шаҳрининг «Юксалиш», «Наврўз», «Нуробод», «Гулшан», «Орзу», «Порлоқ», «Навбаҳор», «Мустақиллик», «Тўқувчи», «Умид», «Янги тонг», «Халқлар дўстлиги», «Давлатобод», Қуйи Ғирвон», «Юқори Ғирвон», «Ўрта Ғирвон», «Боғ», «Элобод», «Гулобод», «Ирвадон», «Шишаки», «Қуйи Ровустон», «Ўрта Ровустон», «Юқори Ровустон» ва «Елхон» маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар ҳудудда янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш тизимининг янада яхшилинишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йил 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ушбу масала кўтарилган эди.






